Прагматик кадрлар сиёсати – тизим ривожининг энг муҳим омили

13:07 01 Март 2024 Жамият
232 0

Эндиликда суд тизимида назария ва амалиётни чуқур ўзлаштирган, иш услуби ва касб талабларини яхши тушуниб етган олий маълумотли кадрларни ишга жалб қилиш борасида муаммолар юзага келмайди. Негаки 2023 йил октябрь ойида Олий суд ҳузурида “Бўлажак суд ходимлари” клуби ташкил этилди. Шунинг баробарида кадрларни мақсадли тайёрлаш ва судлардаги олий маълумотли кадрлар етишмовчилиги масаласига концептуал жиҳатдан ёндашиб, муаммоларни бартараф этиш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилди. Бу, албатта, янги ишга қабул қилинган ходимларнинг адаптацияси учун талаб этиладиган вақтни тежашга ва иш сифатини янги босқичга олиб чиқиш имконини бермоқда.

Айтиш жоизки, “Бўлажак суд ходимлари клуби”нинг ташкил этилиши суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш ҳамда судьялар ҳамжамияти ролини ошириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг мантиқий давомидир. Бундан кўзланган асосий мақсад эса адолатли суд тизимини шакллантириш ҳамда унинг фаолиятини халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга йўналтиришдан иборатдир.

Зотан, судлар ҳокимияти зиммасига судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, уларнинг фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини ошириш каби долзарб вазифалар юклатилганки, уларни фақат юқори малакали, чуқур билим ва кўникмаларга эга кадрларгина амалга оширишга қодир.

Шу боис, суд аппарати ходимларининг жамиятда ижтимоий мавқейини ва обрў-эътиборини ошириш ҳамда меритократия (касбга оид сифатлари ва алоҳида хизматларини одилона ва объектив баҳолаш асосида энг муносиб ва қобилиятли шахсларни танлаб олиш)тамойили асосида юқори малакали кадрлар корпусини шакллантириш Олий суд раҳбарияти олдида турган долзарб масала бўлиб қолмоқда.

Шуни чуқур англаб етишимиз зарурки, ишдаги сифат ва натижа, энг аввало, фаолият юритаётган кадрларга бевосита боғлиқ. Албатта, жамоаларда ишчанлик муҳитини яратиш билан бир қаторда биз учун ходимларимизнинг дунёқараши, маънавияти, касбий одоб-ахлоқи ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бу борада, суд органлари “устоз-шогирд” анъаналарига қатъий амал қилиб келмоқда.

Замонавий иқтисодиёт қонунлари давлат ташкилотлари ва хусусий сектор ўртасида инсон капитали учун доимий рақобатни юзага келтирганидан кўз юма олмаймиз. Шу боисдан ҳам дастлабки босқичдан бошлаб кадрларни тайёрлаш учун йўналтирилган ҳар қандай саъй-ҳаракат бугунги куннинг талаби ва энг сермаҳсул инвестицияси ҳамдир.

Бугун Олий суд раҳбарияти судлардаги инсон капиталини ривожлантиришни соҳа учун мутахассисларни тайёрловчи олий таълим ташкилотларидан бошлаш зарур, деган қатъий позицияга эга.

Таъкидлаш жоизки, бу йўналишдаги асосий мақсадимиз олий таълим ташкилотларининг “юриспруденция” таълим йўналишида таҳсил олаётган талабаларни суд органлари фаолияти ва судьялик касбига оид қонунчиликда белгиланган талаблар билан таништириш, назарий билимлардан келиб чиққан ҳолда қонунни амалда қўллаш кўникмаларини шакллантириш ва мустаҳкамлаш, назария ва амалиётнинг узвийлигини таъминлаш, талабаларни касбий фаолиятига мос равишда виждонли, ҳалол, очиқ кўнгил, фидойи ҳамда муносиб мутахассис сифатида тарбиялашдир. Бундай эзгу мақсадга эришишимизда эса “Бўлажак суд ходимлари клуби” бизга яқиндан ёрдам беради.

Бугунги кунда суд тизимида амалга оширилаётган очиқ кадрлар сиёсати, бўш иш ўринлари ҳамда судларда яратилган шарт-шароитлар бевосита олий таълим ташкилотлари талабалари, яъни судлардаги иш ўринларининг потенциал талабгорлари билан бўлиб ўтаётган учрашувлар орқали етказилмоқда. Бундай ёндашув ва услуб судлардаги кадрлар сиёсатини тубдан ўзгартирмоқда. Суд органларида кадрлар билан ишлаш жараёнига хедхантинг (давлат органлари ва ташкилотларида ҳамда хусусий секторда муваффақиятли фаолият юритаётган малакали мутахассисларни ишга жалб қилиш), рекрутинг (юқори малакали ва амалий тажрибага эга мутахассисларни қидириш, танлаш ҳамда ишга фаол жалб қилиш жараёни) каби замонавий

HR-менежмент элементлари кириб келмоқда. Суд органлари вакиллари талабалар билан учрашувлардан тортиб, иш берувчилар учун ташкил этилаётган “Карьера кунлари”гача фаол иштирок этмоқда. Алоҳида қайд этишимиз керакки, бундай ҳамкорлик нафақат кадрларни тайёрлаш, балки илмий тадқиқотлар ва изланишлар учун ҳам янгича муҳитни яратмоқда.

Ўтган 2022-2023 йилларда Тошкент давлат юридик университети, Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети, Наманган давлат университети ҳамда Термиз давлат университети билан юридик кадрларни тайёрлаш соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзоланди. Шунингдек, ушбу олий таълим ташкилотларининг ҳар бири билан “юриспруденция” таълим йўналиши талабаларининг 2-курсдан бошлаб, магистратура босқичигача узлуксиз равишда суд органларида амалиётларини ташкил этиш юзасидан қўшма қарорлар имзоланди. Бундан ташқари, ахборот технологиялари соҳасида кадрларни тайёрловчи “Alfraganus university” нодавлат олий таълим ташкилоти билан ҳам ҳамкорлик ўрнатилди.

Бугунги кунда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда Тошкент давлат аграр университети билан ҳам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ишлари жадал олиб борилмоқда.

Суд ҳокимияти органларининг олий таълим ташкилотлари билан бундай даражадаги ҳамкорлиги шу кунга қадар бундай кўлам касб этмаганини алоҳида таъкидлашимиз жоиз. Зеро, судларга бир вақтнинг ўзида мингга яқин талабаларни жалб этиш режалаштирилмоқда. Бу рақамлар, албатта, охирги нуқта эмас.

Олий суд Кадрлар бошқармаси ёшлар ўртасида ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни тарғиб этиш йўналишида ҳам фаол иш олиб бормоқда. Ёшлар ишлари агентлиги ва бошқа вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган юртдошларимиз ўртасида “Ёшлар ва қонун” ҳуқуқий танловини ўтказиб, ёшлар ва уларнинг ота-оналари ўртасида судларнинг жамиятдаги ўрни, судларда иш юритиш ва қонунни қўллаш юзасидан тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказиб келинмоқда. Бунда, ёшлар танлов шартларини бажариш учун ҳудудлардаги очиқ суд жараёнларида қатнашиб, тажрибали судьялардан ҳуқуқий-амалий маслаҳатлар олиш орқали ўз билимларини янада бойитишга муваффақ бўлмоқдалар.

Бу, ўз навбатида, ёшларимизнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш билан бирга, уларда суд ҳокимиятига бўлган ишонч ва келажакда шу соҳада меҳнат қилишга бўлган қизиқишни орттирмоқда. Умуман олганда, биз учун нафақат ҳуқуқшунос талабалар, балки бошқа ёшларнинг суд идораларига бўлган муносабати жуда муҳим.

Зеро, Давлатимиз раҳбари томонидан тизим олдига қўйилаётган улкан вазифаларни амалга оширишда судларга билимли ва шижоатли ёшларни олиб кириш орқали кадрлар сиёсатини янада такомиллаштириш, уларнинг самарали меҳнат қилиши учун зарур шароитларни яратиш ҳамда уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга эришиш имконияти мавжуд, деб ҳисоблаймиз.

Музаффар Мухитдинов,

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

Кадрлар бошқармаси бошлиғи

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер