Пора олган Миришкор тумани ҳокими ўринбосарига шерик бўлган ИИБ бошлиғи қўлга олинди
Фото: Иллюстратив фото
Қашқадарё вилояти Миришкор туман ҳокимининг ўринбосари 50 минг доллар пора билан ушланганди. Вилоят прокуратураси хабар беришича, мазкур ишга алоқадор сифатида Муборак туман ИИБ бошлиғи ҳам қўлга олинган.
Хабарда айтилишича, 6 февраль куни Миришкор тумани ҳокими ўринбосари У.Яхшиев тадбиркордан ер ажратиб бериш эвазига 80 минг АҚШ доллари пора талаб қилиб, шундан 50 минг АҚШ долларини олган вақтида жиноят устида ушланганлиги ҳолати бўйича ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми «а» банди ва 28,211-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, айбланувчи қамоққа олинган.
Жиноят иши юзасидан ўтказилган дастлабки терговда ички ишлар органлари кадрлар захирасидаги ходим - У.Яхшиев пора олиш жиноятини таниши Муборак туман ИИБ бошлиғи Х.Баҳриев билан олдиндан жиноий тил бириктирган ҳолда содир этганлиги аниқланган.
Дастлабки тергов органи томонидан Муборак туман ИИБ бошлиғи Х.Бахриевнинг содир этилган жиноятга бевосита дахлдорлигини исботловчи етарли далиллар тўпланганлиги сабабли, Баҳриев февраль куни жиноят ишида гумонланувчи сифатида жалб қилиниб, шу куни ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган.
Бундан ташқари, вилоят прокурорининг фармойишига мувофиқ прокуратура ва ички ишлар идораларининг жиноятчиликнинг олдини олиш ва уларнинг юзага келишига сабаб бўлаётган омилларни бартараф этишга қаратилган фаолиятини барча туман-шаҳарларда ўрганиб, уларга амалий ёрдам кўрсатиш бўйича ишчи гуруҳ тузилган.
Ишчи гуруҳ томонидан 2022 йилнинг 7-10 февраль кунлари Муборак туман прокуратураси ва ички ишлар бўлимининг бу борадаги фаолияти ҳужжатларни таҳлил қилиш орқали ўрганилган.
Ўрганишлар давомида, туман ИИБнинг терговга қадар текшириш, дастлабки тергов ва жиноятларни фош этиш бўйича фаолиятида бир қатор камчиликлар, хусусан, ўғирлик, безорилик, талончилик ва фирибгарлик каби жиноятларни ҳисобдан яшириш ҳолатлари аниқланган.
Жиноят содир этилганлигини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланганида бунга дахлдор бўлган шахслардан тушунтириш олиш, қонунда назарда тутилган тартибда далилларни тўплаш суриштирув ва тергов органларининг ҳам ваколати ҳам мажбурияти ҳисобланади.
Шу сабабли, ишчи гуруҳ аъзолари томонидан ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида жиноятдан жабрланган фуқаролар ва мазкур хабарлар юзасидан терговга қадар текшириш ҳаракатларини ўтказган ИИБ ходимларидан тушунтиришлар олинган.
Жиноятларни яширишга бевосита дахлдорлиги аниқланган шахслар эса жиноий жавобгарликдан қутилиш мақсадида оммавий ахборот воситаларида ёлғон маълумотлар тарқатиш орқали аҳолини чалғитишга ҳаракат қилишган.
Ҳозирда, вилоят прокуратураси томонидан ҳисобдан яширилган 3 та ўғрилик, 3 та безорилик, 1 та талончилик ва 1 та фирибгарлик жиноятлари бўйича жиноят ишлари қўзғатилган.
Вилоят прокурори ҳамда вилоят ИИБ бошлиғи раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ вазиятни жойига чиққан ҳолда ўрганиб, ҳолат юзасидан хизмат текширувлари тайинланди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг