Поп туманида тиббиёт туризми маскани барпо этилмоқда
Фото: Халқ сўзи
Наманган вилояти Поп туманининг Чоркесар қишлоғи нафақат сўлим ва мафтункор табиати, балки инсон саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган доривор ўсимликларга бой замини билан ҳам довруқ қозонган.
Яқинда “Меҳригиё” масъулияти чекланган жамияти хайрли ишга қўл уриб, “Гиёҳларни қадоқлаш, шоколад ишлаб чиқариш заводи ва тиббиёт туризми маскани ташкил этиш” бўйича истиқболли лойиҳани амалга оширишга киришди. Бу туризм йўналишида ҳудуднинг эртанги кун истиқболини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
— Ҳозирда лойиҳа ташаббускорларига ажратилган 506 гектар майдоннинг 45 гектари ўзлаштирилиб, лаванда, мойчечак, хандон писта сингари 15 дан ортиқ турдаги доривор ўсимликлар етиштирилмоқда,—дейди Поп туман ҳокимлиги инвестициялар, саноат ва савдо бўлими бошлиғи ўринбосари Шукрулло Маматхонов. – Айни пайтда уларнинг кўпчилигидан ҳосил йиғиб олишга киришилди. Режага кўра, яқин вақт ичида шу жойнинг ўзида саралаш, қайта ишлаш ва қадоқлаш йўлга қўйилади.
Бундан ташқари, ҳудудда сайёҳлик иншоотлари барпо этиш ҳам бошланди. Энг аввало, 40 та меҳмон уйлари қурилиши ниҳоясига етказилади. Натижада ушбу мажмуада бир пайтнинг ўзида 200 дан ортиқ сайёҳни қабул қилиш имконияти юзага келади. Умуман олганда, яқин икки йилда лойиҳа ижроси тўлиқ амалга оширилгач, туманнинг сайёҳлик салоҳияти тиббиёт туризми ҳисобига сезиларли даражада ортади.
Лойиҳанинг умумий қиймати 35 миллион долларга тенг бўлиб, у тиббий сайёҳлик хизматини йўлга қўйиш, табиий шифобахш ўсимликларни парваришлаш, қайта ишлаш ва қадоқлаш сингари истиқболли йўналишларни қамраб олади.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг