Платформа ва лойиҳа тақдимоти ўтказилди

12:46 01 Июнь 2022 Жамият
668 0

Фото: «Халқ сўзи»

Замонавий ахборот технологиялари ҳаётимизга жадаллик билан кириб келяпти. Улар одамлар ташвишини енгил қилишга, муаммоларга тезроқ ечим топишда жуда асқатмоқда. Иш самарадорлигини оширмоқда. Шу маънода жойлардаги маҳаллий Кенгашлар фаолиятини электронлаштириш ҳаётий заруратга айланди.

Бухоро шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ташаббуси билан ўтказилган семинар ана шу долзарб масалага бағишланди. Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва вилоятлар Кенгашлари вакиллари иштирок этдилар.

Семинарда халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгаши томонидан тайёрланган «Электрон Кенгаш» платформаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг «Рақамли халқ депутатлари Кенгаши» лойиҳасининг мазмун- моҳияти ҳақида атрофлича тушунча берилди. Ушбу платформа ва лойиҳанинг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирда сўз олган Олий Мажлис Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссия раиси Т. Мадумаров, Олий Мажлис Сенати Девони ахборот технологиялари бўлими мудири О. Бабақулов ва бошқалар замонавий ахборот технологияларининг ишни самарали ташкил этиш, онлайн тартибда фаолият юритишдаги аҳамияти ҳақида фикр- мулоҳаза юритдилар.

Дарҳақиқат, рақамли технологиялар депутатларга давлат ҳокимияти бошқарув идоралари билан самарали мулоқот юритиш, депутатлик сўровлари натижадорлигига эришишда қўл келади. Семинар қатнашчилари шуни эътироф этган ҳолда ушбу лойиҳа ва платформа ишини янада соддалаштириш имкониятларини кўриб чиқиш юзасидан ўз таклифларини билдирди.

Халқ депутатлари Вобкент тумани ва Когон шаҳар Кенгашларида бўлиб, ўзаро тажриба алмашдилар.

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер