«Питпилдиқ» маҳсулотларига харидорлар бисёр
Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Бугунги кунда республикамиздан хорижга тухум экспорт қилувчи корхоналар кўп. Бироқ уй шароитида етиштирилган маҳсулот экспортини ташкил этаётганлар кам. Балиқчи туманидаги Файзобод маҳалласида яшовчи Асилбек Кимсанов ўзи истиқомат қилаётган хонадонда 30 мингта бедана парваришлаб, кунига 25 минг дона тухум териб олмоқда.
— Маҳсулотимизни «Питпилдиқ» бренди остида ички бозорга ва қўшни давлатларга етказиб бермоқдамиз, — дейди А.Кимсанов. — Шу йилнинг куз фаслига бориб беданалар сонини 50 мингтага етказишни режалаштирганмиз. Ҳозирда Осиё давлатларига гўшт ва тухум экспорт қилиш лойиҳаси устида ишламоқдамиз.

Маълумки, бедана гўшти юқори сифатли оқсил манбаи ҳисобланади. Кам ёғли ва енгил ҳазм бўлиш хусусиятига эга. Шунингдек, иммунитетни мустаҳкамлаб, танани витамин ва минераллар билан бойитади. Тухуми эса аллергияга сабаб бўлмаслиги, мия фаолиятини яхшилаши, қон босимини меъёрлаштириши, кальцийга бойлиги ва гемоглобинни ошириши билан аҳамиятлидир. Шу боис бедана гўшти ва тухумига нафақат Ўзбекистонда, балки хорижда ҳам талаб кўп. Шуларни ҳисобга олган ҳолда ички бозордан ортиниб Қирғизистон ва Тожикистонга экспорт фаолиятини йўлга қўйган «Питпилдиқ» маҳсулотлари Файзободдан Осиёгача етиб боришига шубҳа йўқ.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг