«Пистали» конига касбга тайёрланиб, ишга қабул қилинмоқда
Фото: Халқ сўзи
Нурота туманининг «Пистали» кони негизида барпо этилаётган 6-гидрометаллургия заводи жорий йилнинг энг йирик қурилишларидан бири, десак, асло муболаға эмас. «НКМК» АЖ «1-ГМЗ» кон бошқармаси раҳбарияти яқинда ишга туширилиши мўлжалланаётган мазкур корхона учун малакали ишчи-кадрларни тайёрлаш ва танлаш ишларини эса ўтган йилиёқ бошлаб юборган эди. Шу мақсадда кон бошқармасида малакали мутахассислардан иборат кадрларни тайёрлаш гуруҳи ташкил этилди.
— Дастлабки босқичда «Пистали» кони ва кон автогаражига ишга қабул қилинганларни мутахассислиги бўйича касбга ва турдош касбларга тайёрлаш тизими яратилди, — дейди «1-ГМЗ» кон бошқармаси директорининг кадрлар ва маъмурий масалалар бўйича ўринбосари Алишер Мирзаев. — Кон ишчиси, геологик ишларда кон ишчиси, кимёвий таҳлил лаборанти, намуна сараловчи, компрессор қурилмалари машинисти каби касблар бўйича бўлажак ишчи-ходимлар гуруҳ шаклида ўқитилиб, улар назарий машғулотларни «Навоий кон-металлургия комбинати» АЖ Ўқув марказида, амалиётни эса «Аристантов» карьери, «Қорақўтон» кони, шунингдек мутахассисликларига мос тарзда «1-ГМЗ» кон бошқармаси гидрометаллургия маҳсулотларини бойитиш, техник назорат бўлимлари, заводнинг технологик лабораториясида ўтамоқдалар. Ўқув дастурларида касбий, ишлаб чиқариш ва хавфсизлик техникасига оид зарур билимлар қамраб олиниб, машғулотларга кон бошқармаси ҳамда «НКМК» АЖ бўлинмаларининг малакали мутахассислари жалб этилмоқда. Ўқув машғулотлари якунида, ўқувчилар комбинат Кадрлар бошқармаси, «Қизилқум» контехназорат инспекцияси, «1-ГМЗ» кон бошқармаси мутахассислари иштирокида ўтказиладиган малака имтиҳонларини топшириб, «НКМК» АЖнинг малакавий гувоҳномасига эга бўлмоқдалар.
Шунингдек, 92 нафар киши кон бошқармасининг малакали ишчи ходимларига индивидуал бириктирилган ҳолда назорат-ўлчов асбоблари ва автоматика чилангари, жиҳозларни таъмирлаш бўйича навбатчи чилангар, таъмирловчи-чилангар, электр жиҳозларига хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш электрмонтёри, навбатчи электрчилангар, автомобилларни таъмирлаш чилангари сингари касбларга ўқитилмоқда. Улар бевосита ишлаб чиқариш участкаларида амалиёт ўтаб, назарий ҳамда амалий билимларини мустаҳкамлайдилар.
Янги завод ишга тушгач, корхонада буғ қозонхоналаридан фойдаланилади. Ҳозирги кунда беш нафар ишчи «НКМК» АЖ Ўқув марказида қозонхона оператори касби бўйича назарий билим олиб, Марказий кон бошқармаси бўлинмаларида амалиёт ўтамоқда.
«Пистали» кони ва янги завод учун барча турдаги ишчи-ходимларни тайёрлаш ҳақида сўз бораркан, хавфли юкларни ташиш, хавфли юкларни ташишга мўлжалланган автомобилларни бошқариш, оғир юк ташувчи карьер автоағдаргичларини бошқариш ҳуқуқларини берувчи мақсадли уч йўналиш бўйича 70 нафардан зиёд ҳайдовчилар турдош касбларга ўқитилганини таъкидлаш жоиздир. Кон бошқармасининг ўн нафар ишчиси ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда «НКМК» АЖ Ўқув марказида автомобилларга ёқилғи қуювчи мобил шохобча оператори мутахассислиги бўйича назарий билим олиб, ишлаб чиқариш кўникмаларини Марказий кон бошқармаси бўлинмаларида мустаҳкамламоқдалар.
— Корхонада «Ишга марҳамат» мономаркази билан алоқалар яхши йўлга қўйилган, — дея давом этади А. Мирзаев. — Бирор касбга эга бўлмаган 59 нафар фуқаро мономарказда кимёвий таҳлил лаборанти, таъмирловчи-чилангар, автомобилларни таъмирлаш чилангари, электрмонтёр касбларига ўқитилиб, «1-ГМЗ» кон бошқармасида ишлаб чиқариш тажрибасини ўтаб, ишга қабул қилиндилар.
Таъкидлаш жоиз, мамлакатимизда устувор тутилган ижтимоий адолат ва инсон қадри учун тамойилларига қатъий амал қилинган ҳолда янги кон ва корхонага ишга қабул қилишда Нурота тумани ҳокимлигининг тавсиясига мувофиқ «Темирқовуқ», «Қизилча», «Тинчлик» МФЙларида истиқомат қилаётган, «Темир дафтар», «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари»да рўйхатда турувчи, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар мономарказда гардеробчи, кўкаламзорлаштирувчи, оқсоч ва бошқа касбларга ўқитилиб, уларнинг бандлиги таъминланмоқда.
Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг