Пиротехник воситалар йўқ қилинди
Энг қувноқ, сермазмун байрамлардан бири бўлмиш Янги йил тобора яқинлашмоқда. Бу дамни кўпчилик юртдошларимиз қувонч билан қаршилаётган бир пайтда аксарият атрофимиздагилар юрагини ҳовучлаб кутиб олаётганликлари ҳам сир эмас. Боиси, айнан шу сана билан боғлиқ салбий жиҳатлар борки, бу пиротехник воситалар орқали ифодаланадиган кўнгилхушликларда намоён бўлади. Салбий оқибатларнинг ҳозирданоқ олдини олишга киришган мутасадди идоралар вакиллари томонидан юртимизга бундай воситаларнинг олиб кирилишининг олди олиняпти.
Андижон вилоят божхона бошқармаси Матбуот хизматидан хабар қилишларича, шу кунларда “Пиротехника операцияси” тадбири ўтказилмоқда. Навбатдаги тадбир давомида Бўстон туманида ҳаракатланаётган Т.И. бошқарувидаги “Nexia” русумли автотранспорт воситаси кузатувга олинди. Натижада у туманнинг А. Икромов кўчасида шартли харидорга қиймати 10 миллион сўмлик 57600 дона пиротехника воситаларини сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Ўз манфаатини ўзгалар ҳаловатидан устун билгувчи бу каби замондошларимизга нисбатан амалдаги тартибларга биноан чора кўрилишини эслатиб қўйишни лозим топдик.
Саминжон ҲУСАНОВ,
“Халқ сўзи”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг