Парламентнинг юқори палатасида Корея Республикаси бандлик ва меҳнат вазири бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди
Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева кеча Корея Республикаси бандлик ва меҳнат вазири Ли Жунг Сик бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Парламент юқори палатаси маълумотига кўра, Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги дўстлик ва алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, кенг кўламли ҳамкорликни, хусусан, меҳнат муносабатлари соҳасидаги алоқаларни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Икки томонлама муносабатларни ривожлантиришда парламентлараро мулоқотнинг ўрни муҳимлигига эътибор қаратилди. Шу маънода, Олий Мажлис Сенати раиси раҳбарлигидаги Корея Республикаси Миллий Aссамблеяси билан мамлакатларимиз ўртасида олий даражада эришилган келишувлар, “йўл хариталари”нинг бажарилиши устидан парламент назоратини таъминлашга қаратилган ҳамкорлик бўйича махсус комиссия фаолияти самарадорлиги алоҳида қайд этилди.
Жанубий Корея томонининг жорий йил сентябрь ойига мўлжалланган янги форматдаги “Марказий Осиё + Корея Республикаси” парламентлараро ҳамкорлик бўйича саммити кўп қиррали муносабатларни кенгайтириш учун янги имкониятлар очиши таъкидланди.
Мулоқот чоғида давлатларимиз ўртасидаги икки томонлама алоқаларда меҳнат муносабатлари билан боғлиқ йўналиш муҳим аҳамият касб этиши, бу борадаги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишнинг ҳуқуқий асосларини биргаликда ишлаб чиқиш, ўзаро таклифлар билдириш, музокаралар ҳамда учрашувлар ўтказишни фаоллаштириш масалаларини ҳал этиш ва йўналишларни белгилаб олиш муҳимлиги қайд этилди.
Шунингдек, БМТнинг “Иш ўринларини яратиш ва ижтимоий ҳимояни кучайтириш бўйича глобал тезлаткич” ташаббуси доирасида ўзаро ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан ҳам таклифлар илгари сурилди.
Ўзбекистон ва Корея Республикасининг тегишли вазирликлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандумнинг имзоланиши икки томонлама муносабатларни янги босқичга олиб чиқиши таъкидланди.
Меморандумни амалга ошириш доирасида меҳнатни муҳофаза қилиш, гендер тенглик, шунингдек, “Better work” дастурини амалга ошириш масалаларини ҳал этишда ўзаро ҳамкорликни акс эттирувчи Қўшма ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш таклифи қўллаб-қувватланди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг