Парчакентнинг узумчилик тажрибаси
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Китоб туманининг Парчакент маҳалласи Ҳисор тоғ тизмаларига ёндош ҳудудда, сўлим ва баҳаво масканда жойлашган. Ҳудуднинг иқлим-шароити, зилол суви боғдорчилик учун жуда қулай. Шу боис ҳам аҳоли орасида кундалик эҳтиёж учун зарур бўлган бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари билан бир қаторда олма, анор ва узум етиштириш кенг оммалашган.
Шу маҳаллалик Суюн Бўронов ҳам мавжуд имкониятлардан фойдаланиб, фарзандлари билан биргаликда олмазор ва узумзор боғ ташкил этгани, бугун ана шу боғнинг ортидан оиланинг дастурхони тўкис, ҳаёти фаровон эканини айтади.

— Ўзим кўп йиллар давомида мактабда ўқитувчилик қилдим, — дейди у. — Яратганга шукр, маошимга кун ўтиб турарди, лекин ўша йиллари оёғимиз остида шунча ер, катта даромад манбаи борлигини билмаганимизда. Олти сотих томорқадан ҳам деярли фойдаланмасдик. Аслида бу ерлар хазинанинг ўзи экан. Бугун ҳукуматимиз томонидан аҳолининг томорқачилик маданиятини ошириш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар бизни ҳам ҳаракатга ундади.
Суюн бобо Бўроновнинг айтишича, у нафақага чиққач 1,5 гектар ер олиб, узумзор боғ ташкил қилган. Сўнг бу боғ негизида учта деҳқон хўжалиги ташкил қилиб, уч ўғлига бўлиб берган. Натижада бугун фарзандларининг бари ёнида, боғда меҳнат қилиб, яхши даромад топмоқда.

— Айниқса, маҳалламиз аҳли узум етиштиришнинг пандини олган, — дейди маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Алишер Эшонқулов. — Шундан келиб чиққан ҳолда узумчиликни маҳалланинг драйвер соҳаси сифатида белгилаб олдик. Аҳолининг шахсий томорқалари билан бир қаторда, тизимлаштирилган тарзда узум етиштиришга ҳам устувор аҳамият қаратаяпмиз. Мисол учун, айни пайтда маҳалламизда 200 гектар майдонда узум етиштирилмоқда. Бу узумзорлар 162 та деҳқон хўжалигига тақсимлаб берилган. Бундан ташқари, яна 20 гектар майдонда янгидан корпорация ташкил этиб, у ерда ҳам узумчиликни йўлга қўйдик. Натижада 50 га яқин иш ўринлари яратилди.

Алишер Эшонқулов узумзор ташкил этган деҳқон хўжаликларининг оладиган даромадини жайдари усулда ҳисоб-китоб қилиб берди. Айтишича, маҳалладаги аксарият деҳқон хўжаликларининг 50 сотихдан узумзори бор. Тўғри, ўтган йили об-ҳавонинг ноқулай келиши эвазига маҳалла аҳли узумдан кутилган ҳосилни ололмади. Аммо бу йил ҳар бир деҳқон хўжалиги ўзига тегишли 50 сотих майдондан 12 тоннадан 15 тоннага қадар ҳосил олмоқда. Бу узумнинг айни вақтда улгуржи бозордаги нархига қиёсан олганда, ўртача юз миллион сўм даромад дегани. Бу бир оила бюджети учун озмунча маблағ эмас. Парчакентликларни боғдорчилик борасида янги-янги ташаббусларга илҳомлантираётган, меҳнатга ундаётган омил ҳам шу аслида.

Узум нафақат дастурхонларимиз файзи, балки қимматбаҳо саноат хом ашёси ҳамдир. Унга талаб муттасил ўсиб бораётганини юртимизда ток ҳосилини қайта ишлаш имкониятлари кенгайтирилаётгани билан ҳам боғлаш мумкин. Демак, ток эккан, уни яхши парваришлаб ҳосилга киритиб олган томорқачи ютқазмайди.
Маҳалла боғбонларининг айтишича, узум ҳосилини реализация қилиш борасида умуман муаммо йўқ. Бу ерда асосан узумнинг қора кишмиш нави етиштирилади. Августнинг ўрталарига қадар тайёр бўлган ҳосил ички бозорга йўналтирилса, саратон иссиғини тўлиқ егани, яъни, августнинг 15 санасидан кейин узилгани майиз қилинади. Деярли, барча хонадонлар майиз қуритишнинг пандини олган. Бу юмуш токдан олинаётган ҳосилнинг янада даромадлилигини таъминлайди.

Ҳа, бугун юртдошларимизнинг ҳаётга, меҳнатга муносабати тубдан ўзгарган. Парчакентликлар ҳам ўзларининг меҳнаткашлиги, ташаббускорлиги эвазига бир парча ердан миллионлаб даромад топмоқда. Шунинг ортидан фарзандларини ўқитмоқда, янги уй-жойлар қураяпти, янги машиналар олмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг