Пахтачида ғалла ўрим-йиғими бошланди

18:55 04 Июнь 2020 Иқтисодиёт
2375 0

Самарқанд вилояти Пахтачида ҳамал бошқа туманларга нисбатан эртароқ келади. Табиийки, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳам барвақт етилади. Буни дилдан ҳис этган туман ғаллакорлари жорий йилда ҳар қачонгидан мўл ҳосил етиштириш мақсадида агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли адо этганлиги боис, мўл ҳосил етиштирилди.

Туманда 2020 йили 202 та фермер хўжаликлари томонидан, 6 минг 254 гектар ғалла майдонларидан режада белгиланган 16 минг 936 тонна ўрнига, 21 минг тоннадан ортиқ сифатли дон ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда.

Етиштирилган ҳосилни нест-нобуд қилмай, қисқа муддатда ўриб-йиғиб олиш мақсадида 23 та ғалла ўриш комбайнлари мавсумга ҳозирланди. Ғалла ўриш мавсуми Наврўз, Пўлатчи, А.Аллаёров, Ш.Қаҳҳоров ҳамда Зиёвуддин Санақул муқобил машина трактор парки ҳудудидаги фермер хўжаликлари далаларида етиштирилган арпа ҳосилини йиғиштириб олиш билан бошланди. Бободеҳқоннинг пешона тери эвазига етиштирилган ҳосил чўғи ёмон эмас. Мавсумнинг дастлабки кунида ҳар гектар ердан ўртача 50 центнердан ҳосил кўтарилди.

— Мавсумни қисқа муддатда ва сифатли ўтказиш юзасидан туман ҳокимлиги қошида ишчи гуруҳи ташкил этилган бўлиб, ўрим-йиғимда иштирок этаётганлар учун даланинг ўзида иссиқ овқат, ҳамма шароитга эга турар жой масканлари, кўчма техник хизмат кўрсатиш мобил гуруҳлари ташкил этилган, - дейди «Ўзагроинспекция»нинг Пахтачи туман бўлими бошлиғи Ойбек Аминов. — Ғалла ўриш комбайнларининг бир маромда, узлуксиз ишлашини таъминлаш учун, ёқилғи мойлаш материаллари ва бошқа зарурий асбоб-ускуналар шай қилинган. 2020 йил ҳосилини уюшқоқлик билан ўтказилишини таъминлаш мақсадида, «Ўзагроинспекция»нинг Пахтачи туман бўлими томонидан мониторинг - ўрганиш тадбирлари ўтказилмоқда.

Кези келганда шуни таъкидлаш лозимки, жорий йилда Самарқанд вилояти деҳқонлари 101 минг 230 ер майдонидаги ғалланинг ҳар гектаридан жами 722 минг 780 тонна ҳосил йиғиштириб олишни режалаштиришмоқда.

Абдулазиз Йўлдошев,

(Халқ сўзи)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер