Ўзингга эҳтиёт бўл, қўшнингни ўғри тутма

09:38 12 Октябр 2020 Жамият
1097 0

Қўрғонтепа туманидаги «Тадбиркор» МФЙда 2 бош новвосни ўғирлаган икки шоввоз қўлга олинди. Маълум бўлишича, улар тунда маҳалладошининг очиқ қолган дарвозасидан кириб, уй ҳайвонларини етаклаб чиқишган.

Айни пайтда тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Бу сизга етказмоқчи бўлган хабаримиз тафсилоти. Ана энди икки оғиз мулоҳаза қилсак.

Хўп, новвос ўғирланди, ўғрилар топилди, жабрланувчининг мулки қайтарилди, қонунбузарлар қилмишига яраша жазо олади. Шундайми? Жиноят содир этганлар тавбасига таянади, ҳайвон эгаси шукр қилади. Шу билан ҳаммаси тугайди.

Энди ўйлаб кўринг, нима учун 50 минг сўмлик арзимас икки метр матоингизни уйингизнинг тўридаги сандиққа солиб, устидан қулф осасизу, 12 миллион сўмлик икки бош новвосни ҳовлида қаровсиз қолдирасиз? Бу билан ўғрилар учун имконият эшикларини очиб бермаяпсизми? Бу ҳолатда ким айбдор? Тўғри, қонунан олиб қараганда ўғрилар айбдор! Бироқ, унинг қонунбузарлик содир этишига шароит яратиб берган уй эгаси ҳам айбдор эмасми?

Афсуски, бизнинг қонунларимизда бундайин бепарволик, эътиборсизлик учун чора йўқ. Шундай экан, юртдошларимизга : «Ўзингга эҳтиёт бўл, қўшнингни ўғри тутма»,-деймиз, холос.

Саминжон ҲУСАНОВ,

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер