Ўзганинг ҳақи – таннинг ўқи

09:06 30 Март 2023 Жамият
598 0

Фото: Архив сурат

XIX асрда тартиб берилган «Илмлар хазинаси» («Маҳзан ал-улум») тўпламида диққатга молик бир ҳикоят келтирилган. Унда ёзилишича, бир киши ўғлига насиҳат тарзида «Нафсингни шундай машқ қилдирки, токи у амрингга қулоқ соладиган бўлсин!» деган экан. Шунда ўғли «Мен қайси пайтда ақлли бўлишим мумкин?» дея сўрабди. «Нафсингга ҳоким бўлганингда», деб жавоб қайтарибди ота.

Донишманд ота ҳақ. Ўз нафсини жиловлай олган кишининг кўнгли тўқ, эл олдида юзи ҳамиша ёруғ бўлади. Ўзганинг ҳақи эса буюрмайди. Ахир, халқимизда «Ўзганинг ҳақи – таннинг ўқи» деган гап бор.

Бу ҳақда бежиз тўхталаётганимиз йўқ. Афсуски, орамизда бировнинг ҳақига хиёнат қилишдан тап тортмайдиган кимсалар учраб турибди. Шаҳобжон Бердиев (айрим мулоҳазаларга кўра исм-шарифи ўзгартирилган) ана шундайлардан бири. У бировларни алдаш йўли билан уларнинг мол-мулкини қўлга киритишга устаси фаранг эди. Мана, бир-икки мисол. 2019 йилнинг декабрь ойида у фуқаро И. Иботов ҳузурига боради. Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишини айтиб, уни чунонан алдаб-аврайдики, соддадил инсон бу фирибгарга 6 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулини қандай қилиб қўшқўллаб тутқазганини ҳам билмай қолади. Фойдадан улуш бериб боришни ваъда қилган Шаҳобжон шундан сўнг қорасини ҳам кўрсатмайди.

— Бундан ташқари, бу фирибгар ўзининг жиноий ҳаракатларини такроран давом эттириб, фуқаро А.Усмоновдан «Дамас» русумли 80W 071 LA автомашинани 7500 АҚШ доллари эвазига бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан олади, — дейди жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди судьяси Ж. Тожиев. — Дастлабки тўлов сифатида А.Усмоновга 2000 АҚШ доллари миқдоридаги пулни беради. «Қолганини ҳам тез орада бераман», деб ваъдани қуюқ қиладию автомашинани ўзининг номига расмийлаштиради. Кейин эса уни бировга сотиб юборади. А.Усмоновга автомашина учун қолган 5500 АҚШ доллари миқдордаги пулни бермасдан, ўзининг эҳтиёжлари учун сарфлаб, жабрланувчига анча миқдорда моддий зарар етказади. Булар билан кифояланмай, фуқаро Ҳ. Тўраевни ҳам «чув» туширади. Автомашина олиб беришни ваъда қилган ҳолда жабрланувчига 12 минг АҚШ доллари миқдорида моддий зарар етказади.

Ўз нафсига эрк бериб, ўзгаларнинг ҳақига кўз олайтирган фирибгарнинг қилмишлари фош бўлди. Мазкур жиноят иши жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судида кўриб чиқилди. Судланувчи томонидан зарарлар тўлиқ қопланганлиги сабабли, унга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми «а,б» бандлари билан ЖКнинг 59-моддасига асосан иш ҳақининг 20 (йигирма) фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил 7 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер