"Ўзбекистоннинг қуёш каби кўтарилиши" — “J.P. Morgan” ҳисоботи

19:11 08 Июль 2021 Иқтисодиёт
1337 0

АҚШнинг “J.P. Morgan” инвестиция банки томонидан шу номда таҳлилий ҳисобот эълон қилинди. Молия вазирлиги бу ҳақда батафсил маълумот берди.

Таҳлилий материалда Ўзбекистон сўнгги 20 йил ичида Ўрта Осиё, Шарқий Европа, Яқин Шарқ ва Африка (CEEMEA) мамлакатлари орасида юқори ва барқарор ўсиш суръатига эриша олган саноқли мамлакатлардан бири бўлгани эътироф этилган.

Хусусан, республика иқтисодиёти сўнгги ўн йил мобайнида йилига ўртача 6 фоизга ўсиб борган ва бу билан кўпгина мамлакатларнинг ҳавасига сазовор бўлган. Улкан ислоҳотлар режаси эса келгусида сўнгги йиллардагидек ёки ундан ҳам юқори иқтисодий ўсишни таъминлайди.

“J.P. Morgan” экспертларининг фикрича, сўнгги йилларда Ўзбекистонда ислоҳотлар жадаллашувига эришилган ва бу мамлакатнинг иқтисодий юксалишига хизмат қилади.

Шу билан бир қаторда Ўзбекистон бозорларни эркинлаштириш, кенг кўламли хусусийлаштириш орқали давлатнинг иқтисодиётдаги улушини камайтириш каби ислоҳотлар йўлидан боряпти. Бунда халқаро молия институтлари кўмагидан кенг фойдаланилмоқда.

Нуфузли молия муассасаси давлат корхоналари ислоҳ қилинаётганига тўхталиб ўтар экан, уларни хусусийлаштириш иқтисодий наф олиб келиши, бироқ у хатарлардан холи эмаслигини ҳам кўрсатиб ўтган. Бу борада Мустақил давлатлар ҳамдўстлигининг 1990-йиллардаги тажрибаси мисол қилиб келтирилган.

Бинобарин, Ўзбекистон ҳукумати давлат корхоналарини қай тарзда хусусийлаштириши муҳим эканлигига урғу берилган.

Таҳлилда республика 2020 йилда иқтисодий инқирозга қарамай 1,6 фоиз ўсишни таъминлай олгани, 2021 йилда 8,1 фоиз, 2022 йилда 6,3 фоиз ўсишга эришишига эътибор қаратилган.

Шу ўринда “J.P. Morgan” прогнози Халқаро валюта жамғармаси ва бошқа халқаро молия ташкилотлар башоратларидан юқори эканлигини қўшимча қилиш зарур.

Қайд этилишича, 2021 йилги иқтисодий ўсишга асосан қурилиш ва саноат тармоқлари ҳисса қўшади.

"Ўзбекистон фискал сиёсатдан иқтисодиётни бошқаришнинг асосий воситаси ўлароқ фойдаланади. Ҳукумат 2020 йилда консерватив фискал сиёсатни амалга оширди(умумий фискал тақчиллик аввал прогноз қилинган ЯИМнинг 7 фоизи ўрнига ЯИМнинг 4,4 фоизига тенг бўлди)” дейилади ҳисоботда.

Унга кўра, 2016 йилдан кейин давлат қарзи тез суръатлар билан ўсиши кузатилса-да, Бюджет қонуни билан давлат қарзининг энг юқори миқдори ЯИМга нисбатан 60 фоиз этиб белгилан ва давлат қарзининг 60 фоизга етиши эҳтимоли паст.

Иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлашга қаратилган чоралар эса Ўзбекистоннинг дунёга очилаётганлигини кўрсатмоқда.

“Ўзбекистон суверен халқаро облигациялари нархлари макроиқтисодий ҳолатнинг яхшиланаётганини акс эттиради. Хусусан, амалга оширилаётган таркибий ислоҳотлар инвесторлар "иштаҳаси"га ижобий таъсир кўрсатади" деб ёзади АҚШ банки.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер