Ўзбекистонлик онколог мутахассислар Ҳиндистонда малака оширади

16:06 31 Июль 2023 Жамият
284 0

Ўзбекистон элчихонаси вакиллари Ҳиндистондаги “Sarvodaya Healthcare” кўп тармоқли шифохонасининг Онкология институти директори Динеш Пендхаркар билан учрашдилар.

Динеш Пендхаркар жорий йил апрель ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Ҳиндистон тиббиёт форуми ва июль ойида ташкил этилган халқаро тиббиёт анжуманидаги иштирокидан, шунингдек, мамлакатимизнинг шаҳар ва туманларига сафарларидан орттирган таассуротларидан келиб чиққан ҳолда бугунги кунда Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасига қаратилаётган эътибор, тизимдаги ислоҳот ва ижобий ўзгаришларни юқори баҳолади.

Ҳиндистонлик мутахассис Ўзбекистондаги фаол ислоҳотлар соғлиқни сақлаш соҳасидаги инфратузилмани тубдан янгилаш, даволаш амалиёти сифатини ошириш ва мамлакатни халқаро миқёсдаги тиббий туризм хатига айлантириш учун асос бўлишини қайд этди.

Онкология институти директори ўзбекистонлик шифокорлар билан кўп йиллик яқин ҳамкорликни янада ривожлантириш, ҳудудларда онкология йўналишидаги масалаларга ечим топишга кўмак бериш, шунингдек, мамлакатимизда тиббиёт соҳасидаги ислоҳотларга ҳисса қўшиш мақсадида эканлигини билдирди.

Томонлар Ўзбекистон шифокорлари учун “Sarvodaya Healthcare” шифохонасининг Онкология институти негизида малака ошириш курсларини ташкил этиш истиқболларини муҳокама қилишди. Дастлабки босқичда Наманган, Қашқадарё ва Хоразм вилоятлари онколог мутахассисларини бир ой муддатга Ҳиндистонга таклиф этиш имкониятлари ўрганилди.

Мазкур амалиёт мунтазамлик асосида давом эттирилиб, ҳар ойда 8-10 нафар ўзбекистонлик тиббиёт ходимларини институтда ҳиндистонлик ҳамкасблари билан тажриба алмашиши, соҳадаги сўнгги илмий ютуқлар билан яқиндан танишиши учун шароит яратилиши юзасидан келишувга эришилди. 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер