Ўзбекистонда ЮНEСКОнинг эрта ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим бериш бўйича II Бутунжаҳон конференцияси (Глобал форум) бўлиб ўтади
Фото: Иллюстратив фото
Жорий йил 14-16 ноябрь кунлари Тошкентда ЮНEСКОнинг эрта ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим бериш бўйича II Бутунжаҳон конференцияси (Глобал форум) бўлиб ўтади.
Ўзбекистон ҳукумати, ЮНEСКО ва бошқа халқаро ташкилотлар ташкилотчилигида уюштирилаётган мазкур халқаро конференциянинг мақсади барча ёшдаги болаларнинг сифатли тарбия ва таълим олишлари ҳуқуқини тасдиқлаш, шунингдек, уни умрбод олинадиган таълим ва ривожланишнинг энг муҳим асоси сифатида тан олиш, аъзо давлатларнинг ёш болалар билан боғлиқ барқарор ривожланиш мақсадларига эришишдаги тараққиётини баҳолаш, илғор тажриба ва уни алмашиш, инновациялар, ёш болаларни тарбиялаш ва ўқитишга инвестицияларни кўпайтиришнинг устувор йўналишлари ва стратегияларини аниқлашдан иборатдир.
Конференция якунида 2030 йилгача мактабгача таълим соҳасидаги халқаро кун тартибини белгилаб берадиган якуний ҳужжат - Тошкент Декларацияси қабул қилиниши кутилмоқда. Якуний ҳужжат конференция доирасида маслаҳат жараёнида тайёрланади, БМТнинг олтита расмий тилига таржима қилинади ва ЮНEСКОга аъзо бўлган барча давлатларнинг эътиборига ҳавола қилинади.
Тадбирда халқаро ташкилотлар ва молиявий институтлар раҳбарлари, ЮНEСКОга аъзо бўлган турли мамлакатлар таълим вазирлари, шунингдек, илм-фан ва таълим соҳасидаги етакчи халқаро арбобларнинг иштирок этиши режалаштирилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг