Ўзбекистонда транспорт назорати инспекцияси ташкил этилади
Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт назорати инспекцияси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт назорати инспекцияси тўғрисидаги низом тасдиқланди.
У қуйидагиларни белгилайди:
— инспекциянинг мақоми ва фаолиятини ташкил этиш асослари;
— вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ҳамда унинг ходимларининг жавобгарлиги;
— транспорт соҳасида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талабларга риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш.
Шунингдек, Ҳаракатдаги темир йўл таркиби ва инфратузилмаси объектларини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.
Регламент ҳаракатдаги темир йўл таркиби ва инфратузилмаси объектларини давлат рўйхатидан ўтказишнинг талаблари ҳамда давлат хизматини кўрсатиш тартиби, шунингдек, ҳаракатдаги темир йўл таркиби вa инфратузилмаси объектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, рўйхатдан қайта ўтказиш ҳамда уларга рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома бериш тартибини белгилайди.
Қарор билан Транспорт вазирлигига 2024 йил 1 ноябрга қадар ҳаракатдаги темир йўл таркиби ва инфратузилмаси объектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ахборот тизимини ишлаб чиқиш ҳамда ишга тушириш ҳамда 2024 йил 1 декабрга қадар Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда ахборот тизимининг ЯИДХП билан интеграция қилинишини ҳамда тасдиқланган Маъмурий регламентга мувофиқ давлат хизматлари жорий этилишини таъминлаш вазифалари топширилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг