Ўзбекистонда шоли етиштириш бўйича янги лойиҳа амалга оширилмоқда
БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ва Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг “Шоли экинларини етиштириш ва бошқаришни қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси бўйича семинар бўлиб ўтди. Тадбирда мазкур лойиҳанинг мазмун-моҳияти, мақсад ва вазифалари ҳақида маълумот берилди.
Ўзбекистонда шоли етиштиришни кўпайтириш орқали қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини диверсификациялашга, мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш орқали қишлоқ жойларда даромадларни кўпайтириш ва аҳоли турмуш шароитини яхшилашга катта эътибор қаратмоқда. ФАОнинг мазкур лойиҳасини амалга ошириш 2020-2030 йилларда Ўзбекистон Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиясининг юқори қўшимча қийматга эга рақобатбардош қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича устувор йўналишларини қўллаб-қувватлашга қаратилган. Лойиҳа мамлакат шоличилик соҳасини ривожлантириш, қўшимча қиймат занжирини яхшилаш ва, ўз навбатида, ички истеъмол учун мамлакатда етиштирилган шолини кўпроқ қайта ишлаш ҳамда экспортни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган.
— Лойиҳа такомиллаштирилган ишлаб чиқариш технологияларини жорий этиш орқали Ўзбекистонда барқарор шоли етиштиришни таъминлашга хизмат қилади, — дейди ФАОнинг техник эксперти Вилиами Факава. — У фермерлар ва маҳаллий мутахассисларнинг шоли етиштиришни кўпайтириш бўйича билим ҳамда кўникмаларини оширишга имкон беради. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Шоличилик илмий-тадқиқот институти ходимлари ва фермерларга такомиллаштирилган ишлаб чиқариш усулларини ўргатиш уларни техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва маҳаллий шароитда шоли етиштириш ҳажмларининг ўсишини таъминлайди.
Бундан ташқари, ушбу лойиҳа БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари, хусусан, иккинчи мақсад "Очликни бартараф этиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва овқатланишни яхшилаш ва қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантиришга кўмаклашиш”, шунингдек, қишлоқ хўжалигида аёл-фермерлар ва ёшларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш орқали бешинчи мақсад “Гендер тенглиги”га эришишга ҳисса қўшади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг