Ўзбекистонда дори воситаларини рўйхатдан ўтказиш тартиби ўзгарди
Иллюстратив фото
Адлия вазирлиги кеча, 3 апрель куни Дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнида уларнинг самарадорлигини аниқлаш тартиби тўғрисидаги идоравий ҳужжатни давлат рўйхатидан ўтказди (рўйхат рақами — 3806).
Унга кўра, дори воситаларининг самарадорлиги 12 та халқаро илмий манбалар асосида текширилади. Самарадорликни ўрганиш мустақил илмий экспертлардан иборат комиссиялар томонидан амалга оширилади.
Самарадорликни ўрганиш натижалари бўйича дори воситалари қуйидаги 3 та тоифага ажратилади:
• самарадорлиги исботланган дори воситалари (самарадорлиги халқаро илмий манбаларда тасдиқланган бўлса);
• самарадорлиги исботланмаган дори воситалари (халқаро илмий манбаларга кўра, самарадорлиги ўз исботини топмаган бўлса);
• самарадорлиги ўрганилмаган дори воситалари (самарадорлиги бўйича халқаро илмий манбаларда маълумотлар мавжуд бўлмаса).
Ўрганиш натижалари Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази» давлат муассасасининг расмий веб-сайтида эълон қилиб борилади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг