Ўзбекистон ва Саудия Арабистони Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги даврасини ўтказишга тайёргарлик кўрмоқда
Мамлакатимиз элчихона кўмагида Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазирининг ўринбосари Ойбек Хамраев ва Саудия Арабистони инвестициялар вазирининг ўринбосари Муҳаммад ал-Ҳассна ўртасида видеомулоқот тарзидаги учрашув ташкил этилди.
Мамлакатимизнинг Ар-Риёздаги эличихонаси маълумотига кўра, суҳбат аввалида Саудия томони Ўзбекистон билан ўртасидаги алоқалар кундан кунга ривожланиб, мустаҳкамланиб бораётганидан мамнун эканлигини билдирди. Бу борада икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси, ўзаро алоқаларни яхшилашга қаратилган биргаликдаги интилишлари муҳим вазифа бўлиб хизмат қилаётгани алоҳида қайд этилди.
«Сўнгги йилларда ҳамкорликнинг турли йўналишларида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар, ортиб бораётган ташрифлар алмашинуви, икки давлатдаги йирик компанияларнинг ҳамкорлик алоқаларининг йўлга қўйилаётгани, ўзаро муносабатларнинг юқори поғонага кўтарилаётганида намоён бўлмоқда», деди Муҳаммад ал-Ҳассна.
Мулоқот чоғида томонлар жорий йилнинг 10-11 апрель кунлари Жидда шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган Ўзбекистон ва Саудия Арабистони Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг 6-йиғилишини юқори даражада ташкил этиш ва ўтказиш масалаларини муҳокама қилдилар. Жумладан, икки давлатдаги вазирлик ва идораларнинг амалга ошираётган қўшма лойиҳалари ва ҳамкорликнинг янги истиқболлари ҳамда ишбилармон доира вакиллари билан давра суҳбатларини ўтказиш масалалари хусусида фикр алмашдилар.
Учрашув якунида Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилишини тайёрлаш бўйича икки давлат вазирликлари вакилларидан иборат Ишчи гуруҳ тузишга келишиб олинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг