Ўзбекистон ва Хитой ҳудудлараро ҳамкорликнинг кўламлари кенгаймоқда

15:49 06 Декабрь 2023 Сиёсат
523 0

Мамлакатимизнинг Гуанчжоудаги Бош консуллиги ходимлари Хитойнинг Лоян шаҳри маъмурияти раҳбари ўринбосари Ню Ган бошчилигидаги делегация билан учрашдилар.

Ҳудудий корхоналар ўртасида икки томонлама савдо-иқтисодий ва инвестиция ҳамкорлиги ҳажмини ошириш билан боғлиқ масалалар музокараларнинг асосий мавзуси бўлди.

Учрашув чоғида сўнгги йиллар давомида мамлакатимизда экспорт ва  инвестиция йўналишларида яратилган кенг имкониятлар, шунингдек,  туризм соҳасидаги бой салоҳиятга доир атрофлича маълумотлар Хитой томони вакилларининг эътиборига ҳавола қилинди. Шу ўринда Ўзбекистон ҳудудларида яратилган қулай бизнес муҳити, бундан фойдаланган ҳолда икки мамлакатнинг ҳудудлараро ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, ишбилармон доиралар вакиллари иштирокида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.

Томонлар келгусида ҳудудий корхоналар иштирокида бизнес форумлар ташкил этиш, имкониятлардан унумли  фойдаланган ҳолда машинасозлик, фан ва технологиялар соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканликларини билдирди.

Лоян шаҳри вице-мерининг эътибори Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Сирдарё вилоятининг Хитой модели асосида саноатга ихтисослашгани, ташкил этиладиган инновацион технопаркларда электротехника, био-фармацевтика, кимё, қурилиш материаллари, ипак ва озиқ-овқат саноатида инновацион лойиҳалар амалга оширилишига  қаратилди.

Томонлар Хитой ҳудудий корхоналари ва инвесторларини мамлакатимизга, Ўзбекистон экспортёрларини эса Лоянга амалий сафарларини уюштириш ҳамда ишбилармон доиралар вакиллари иштирокида бизнес форумини ташкил этишга келишиб олдилар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер