Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида 400 миллион долларлик келишувлар имзоланди
Фото: “Ariananews”
Фарғона вилоятида бўлиб ўтган бизнес форумида Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида 400 миллион долларлик келишувлар имзоланди. Бу ҳақда “Ariananews” ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Афғонистон савдо делегациясининг расмий ташрифи доирасида ўтган учрашувларда икки давлат хусусий сектор вакиллари турли савдо ва иқтисодий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилган. Умумий қиймати 400 миллион доллардан ортиқ 20 та савдо шартномаси тўқимачилик, хомашё, фармацевтика ва бошқа муҳим саноат соҳаларини қамраб олган.
Таъкидланишича, Афғонистон делегациясига мамлакат Савдо-саноат палатаси раҳбарининг инвестициялар бўйича ўринбосари Залгай Азимий бошчилик қилган. Делегация таркибига Абдуллоҳ Раҳимий, Сайид Аҳмад Нурзад, Убайдуллоҳ Ҳотак ва Мирзаман Попал каби таниқли бизнес вакиллари ҳам кирган.
Музокаралар давомида иштирокчилар чегаралараро савдони ривожлантириш ва узоқ муддатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлигини қайд этган.
“Бу келишувлар Афғонистон учун жуда муҳим бир пайтда амалга оширилди. Чунки мамлакат узоқ йиллик можаролар ва иқтисодий қийинчиликлардан кейин иқтисодиётини тиклашга ҳаракат қилмоқда”, дея қайд этилган материалда.
Шунингдек, Ўзбекистон Афғонистонни минтақавий савдо йўлакларига улашга қаратилган инфратузилма лойиҳаларини ҳам қўллаб-қувватлаб келаётганига алоҳида тўхталиб ўтилган. Томонлар географик яқинликдан самарали фойдаланиб, уни кучли иқтисодий ҳамкорликка айлантиришга интилаётганига эътибор қаратилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг