Ўзбекистон – умумий уйимиз!
Фото: Халқ сўзи
Шу кунларда юртимиз бўйлаб Мустақиллигимизнинг 31 йиллигига бағишланган байрам тадбирлари бўлиб ўтмоқда. Ана шундай тантаналардан бири Андижон вилоятининг Бўстон туманида ташкил этилди.
«Ўзбекистон –умумий уйимиз!» шиори остида ўтган тадбирда туманда истиқомат қилаётган ўнлаб миллат вакиллари иштирок этдилар. Тадбир қатнашчиларининг, гарчи миллати, тили, эътиқоди турлича бўлсада, мақсади ягона эканлиги уларнинг ҳар бир чиқишида, куй-қўшиқларида ўз ифодасини топди.

Айни пайтда туманда 74 минг 720 нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 5 минг нафардан ортиғини рус, украин, қирғиз, тожик, корейс, туркман, татар миллати вакиллари ташкил этади. Айниқса, Наврўз, Кўҳинур, Дўстлик ва Бўстон маҳаллаларини интернационал манзиллар, десак хато бўлмайди. Бўстоннинг чин маънода бўстонга айланишида ҳар бир миллат вакилининг муносиб хизмати бор, албатта.

— 1973 йилда олийгоҳни тамомлаб, йўлланма билан Бўстон туманига ишлаш учун келганман, — дейди «Бўстон» МФЙда истиқомат қилувчи Лилия Хаджамова. — Миллатим украин, касбим ўқитувчи бўлгани боис маълум муддатдан сўнг юртимга қайтиб кетишим ёки ўзим мақбул кўрган бошқа давлатда яшаш ва меҳнат қилишга имкон топишим мумкин эди. Мен эса ундай қилмадим. Боиси, мана шундай табиати сўлим, инсонлари оқибатли юртни бошқа жойдан топа олмаслигимга ишондим. Бу ерда бахтимни топдим, оила қурдим, фарзандлар тарбияладим, минглаб шогирдларга устозлик қилдим. Ўзбекистон билан фахрланаман, у менинг Ватанимдир!
Тадбир давомида ҳар бир миллат вакиллари ўз маданиятини, урф-одатини, ошхонаси ва миллий кийимларини намойиш этдилар.
Саминжон Ҳусанов, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг