Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бошланди
Мажлисда «2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқилмоқда.
Кун тартибидаги масала юзасидан Бош вазир ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров маъруза қиляпти.
Янги таҳрирдаги Конституциямизда “Ўзбекистон – ижтимоий давлат”, деб алоҳида мустаҳкамлаб қўйилди. Бундан ташқари, “Ўзбекистон — 2030» стратегиясида ҳам “ижтимоий давлат” тамойилларини инобатга олган ҳолда, фуқароларнинг ижтимоий ҳимояга оид ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш, аҳолига ижтимоий хизматларни кўрсатиш сифатини тубдан ошириш ҳамда мазкур соҳага илғор халқаро стандартларга асосланган мутлақо янги бошқарув тизимини жорий этишга оид бир қатор вазифалар белгиланган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 2024 йил учун Давлат бюджетининг асосий йўналишлари ҳамда тармоқ ва ҳудудларда амалга ошириладиган вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилиб, унда Давлат бюджети даромадларини кўпайтириш, харажатларини оптималлаштириш бўйича ҳар бир соҳа, тармоқ ва ҳудудлар кесимида мавжуд захира ва имкониятлар атрофлича таҳлил қилиниб, устувор йўналишлар белгилаб берилган эди.
Шундан келиб чиқиб, билдирилган фикрлар асосида 2024 йил учун бюджет лойиҳаси Ҳукумат томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилди.
Ўтган вақт мобайнида қонун лойиҳаси муҳокамасида инсон капитали ривожланишига доир харажатлар устуворлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимоянинг манзиллигини кучайтиришга оид дастурларни молиялаштириш, биринчи даражали бюджет маблағлари тақсимловчиларга ажратилган маблағлар, ташаббусли бюджет жараёнларини молиялаштириш учун ажратилаётган маблағларнинг мақсадлилиги ва асослантирилганлиги атрофлича муҳокама қилинди.
Қонун лойиҳасида консолидациялашган бюджет даромадлари ва харажатларининг ўрта муддатли давр учун прогнозлари, давлат дастурларини молиялаштириш учун ажратиладиган харажатлар, бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари даромадлари ва харажатлари, давлат қарзи, Давлат бюджети харажатларининг ялпи ички маҳсулотдаги улуши таҳлили ўз аксини топган.
2024 йилда Давлат бюджети даромадлари 270,6 трлн. сўмни, ялпи ички маҳсулотга нисбатан 20,8 фоизни ёки 2023 йил тасдиқланган режага нисбатан 37,5 трлн. сўмга ошиши кутилмоқда.
Келгуси йил бунинг учун мустаҳкам солиқ базасини яратиш ҳамда тадбиркорлик фаоллигини ошириш мақсадида фойда солиғи, қўшилган қиймат солиғи, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, юридик шахслар мол-мулк солиғи, айланмадан олинадиган солиқ ставкалари ўзгаришсиз қолдирилмоқда. Қўшимча қиймат солиғи “занжири”ни тиклашга қаратилган чоралар ҳамда солиқ имтиёзларини бекор қилиш орқали барча тадбиркорлар учун тенг шароитлар яратилади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг