Ўзбекистон профессионал таълимида ўқитишнинг дуал тизими ташкил этилиши мумкин
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси профессионал таълимида ўқитишнинг дуал тизимини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.
Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси профессионал таълимида ўқитишнинг дуал тизимини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштиради.
Низом лойиҳасига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирлик ва идоралар ҳамда олий таълим муассасалари тегишли касб (мутахассислик)лар бўйича ўрта бўғин кадрларга бўлган эҳтиёж асосида дуал таълим жорий этиладиган корхона (ташкилот)ларни аниқлайди ва рўйхатини Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига тақдим этади.
Бунда, мустақил фаолият кўрсатувчи корхона (ташкилот)лар дуал таълим жорий этиш бўйича Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига таклиф киритишлари мумкин.
Дуал таълим ташкил этиладиган профессионал таълим муассасалари Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан белгиланади. Дуал таълим ташкил этилиши кўзда тутилаётган таълим муассасалари имкониятлари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан белгиланган экспертлар иштирокида ўрганилиши мумкин.
Кундузги, кечки ва сиртқи таълим шаклида таълим олаётган ўқувчилар дуал таълимга ўқишини кўчириш тақиқланади. Шунингдек, Таълим муассасаси ва корхона (ташкилот) ўртасида ёки корхона (ташкилот) ва ўқувчи (лар) ўртасида тузилган шартнома бекор қилинганда ўқувчи(лар) ўқиши мос таълим даражасидаги кундузги таълим шаклига ўтказилади.
Дуал таълимда ўқувчилар тўлов-контракт ёки давлат буюртмаси бўйича давлат гранти асосида таълим олишлари мумкин.
Тўлов-контракт миқдори тизимида Таълим муассасалари мавжуд бўлган вазирлик ва идоралар томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади.
Лойиҳада билдирилишича, дуал таълимни ташкил этишнинг мақсад – Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантириш, йирик ва кичик бизнес субъектларида аҳоли, айниқса ёшлар ва хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда камбағалликни қисқартириш учун меҳнат фаолияти билан таълимни уйғунлашган ҳолда ташкил этиш орқали малакали кадрлар тайёрлаш ҳисобланади.
Маълумот учун: Дуал таълим – таълим дастурининг назарий, ўқув-амалий қисми профессионал таълим муассасасида, малака ҳамда компетенцияларни шакллантириш бўйича ишлаб чиқариш билан боғлиқ амалий қисм корхона (ташкилот)да ташкил этиладиган ўқитиш тури;
Дуал таълим дастури эса таълим муассасаси ва корхона (ташкилот)да битирувчига муайян касб ёки мутахассислик бўйича касбий фаолиятни малакали бажаришга қаратилган профессионал таълим тайёргарлигининг асосий мазмунини белгиловчи таълим стандартлари, малака талаблари, ўқув режа, ўқув дастур (модул)лари, ўқув ва ишлаб чиқариш амалиёти дастурларидан иборат ҳужжатлар тўпламидир.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг