Ўзбекистон болалари расмлари Токиодаги «Санъат - чегара ошиб» кўргазмасида намойиш қилинмоқда

10:26 31 Январь 2023 Дунё
732 0

Кўргазмада 22 та мамлакатдан юборилган 490 та санъат асари намойиш қилинмоқда. Ўзбекистон бурчагидан Бадиий академия тизимидаги ихтисослаштирилган санъат мактаблари ўқувчилари томонидан чизилган 60 га яқин расмлар ўрин олди. Расмларда болажонларимиз она заминимизнинг гўзал табиати, маданий мероси, миллий либослари, шунингдек, мамлакатимизнинг тарихий ва диққатга сазовор жойлари тасвирлаган.

Расмлар кўргазмасининг очилиш маросимида элчихона вакиллари иштирок этиб, ташкилотчиларга кўп йиллардан буён Япониянинг марказий санъат саройларидан бирида Ўзбекистон болаларининг расмларини намойиш этиш орқали мамлакатимизнинг маданияти ва урф-одатларини япон ҳамжамиятига кенг намойиш қилиш имконияти яратиб берилаётгани учун миннатдорлик билдирди.

Кўргазма ташкилотчиси - таниқли япон рассоми Тохун Кобаяши Ўзбекистон болаларининг ижодий машқларини эътироф этди. «Токионинг марказида жойлашган Миллий санъат саройида «Санъат - чегара ошиб» номли расмлар кўргазмаси 26 январдан ўз ишини бошлади. Ушбу йирик кўргазмада Ўзбекистондан энг кўп расмлар намойиш қилинмоқда, - деди у. – Кўргазма иштирокчилари ва меҳмонлари ўзбекистонлик болалар томонидан тақдим этилган расмлар юқори маҳорат билан чизилганини таъкидламоқда. Ушбу расмлар орқали ўзбек халқининг бағрикенглиги ва юртингиз маданий мероси нақадар бой эканлигига ишонч ҳосил қилиш мумкин.

Бу галги тадбирда расмлар билан бир қаторда, ўзбек миллий либослари ва ҳунармандчилик маҳсулотлари ҳам намойиш қилинаётгани ташриф буюрувчилар орасида юртингиз ҳақида чуқурроқ тасаввурга эга бўлиш мақсадида Ўзбекистонга сафар қилиш истаги орттиришига имкон беради, деб ўйлайман».

Кўргазма 6 февралга қадар ўз ишини давом эттиради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер