Ўзбек тили байрами куни Самарқанд вилоятида ҳам кенг нишонланмоқда
Фото: Халқ сўзи
21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни Самарқанд вилоятида ҳам кенг нишонланмоқда.
Асосий байрам тадбири Самарқанд шаҳрида Алишер Навоий номидаги истироҳат боғида бўлиб ўтди. Унда вилоят ва шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмалари вилоят бўлимлари, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар, халқ таълими, мактабгача таълим бошқармалари, умумтаълим мактаблари ўқитувчи ва ўқувчилари, миллий маданий марказлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирда вилоят фаоллари, тилшунос ва адабиётшунос олимлар сўзга чиқиб, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кунларни ёдга олдилар. Ўтган даврда, айниқса, сўнгги йилларда ўзбек тилининг жаҳон майдонида нуфузини ошириш, ёш авлодни миллий қадриятларимизга садоқат руҳида тарбиялаш, уларда дунё тилларини ўрганиш баробарида она тилини эъзозлаш ҳиссини юксалтириш йўлида қилинаётган кенг қамровли ишлар алоҳида таъкидланди. Талабалар ва ўқувчилар тил, Ватан, тинчликни улуғловчи шеърлар ўқиди.
Шундан сўнг Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига бағишланган Самарқанд мусиқали драма театри актёрларининг театрлаштирилган саҳна кўриниши намойиш этилди. Буюк мутафаккир шоир сиймосига ҳурмат бажо келтирилиб, унинг ҳайкали пойига гуллар қўйилди.
Тадбир Ёшлар марказида Ўзбек тили байрами куни муносабати билан концерт дастурига уланиб кетди.
Байрам тантаналари вилоятдаги барча ташкилотлар, таълим муассасаларида давом этмоқда.
Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг