Отадан мерос бино кутубхонага айлантирилди
Фото: «Халқ сўзи»
Француз файласуфи ва ёзувчиси Дени Дидро “Одамлар китоб ўқишдан тўхтасалар, фикрлашдан ҳам тўхтайдилар”, дея ёзиб қолдирган. Файласуфнинг айтганича бор. Одам китоб, газета, журнал ўқиш орқали ақлини чархлайди, тафаккурини бойитади. Соғлом фикрлайди. Акс ҳолда манқуртга айланиб қолиш ҳеч гап эмас.
Ана шуларни ҳисобга олган пешкулик китобсевар, Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасаси толиби илми Шамшод Саидов ўзи туғилиб ўсган Куёвхўжа қишлоғида кутубхона очиш ташаббуси билан чиқди. Бунинг учун унга отамерос қолган бино асқатди. Устозлари, оила аъзолари билан маслаҳатлашган ҳолда шу бинони шахсий жамғармаси ҳисобидан таъмирлади. Китоб жавонларига буюртма берди. Китобхонлар учун зарур қулайликлар яратди.
Туман марказидан 16 километр олисдаги бу қишлоқ кутубхонасида ҳозирча 500 дан зиёд бадиий, илмий, диний ва оммабоп китоблар бор. Зиё маскани фондини саховатпеша инсонлар кўмаги билан бойитиш мўлжалланяпти. Муҳими, кутубхона хизматидан исталган киши бепул фойдаланиши мумкин.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг