Оролбўйида боғдорчиликнинг инновацион усуллари ҳамда сув тежовчи технологиялар тарғиб қилинмоқда
БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) қишлоқ хўжалигидаги инновацион тажрибаларни Оролбўйи аҳолисига тарғиб қилиш мақсадидаги ишларни изчил давом эттирмоқда. Хусусан, яқинда Қўнғирот туманида Ўзбекистон Аграр соҳа аёллари уюшмаси билан ҳамкорликда боғдорчилик ва сув тежовчи технологиялар бўйича тренинглар ташкил этилди.
Ўқув машғулотлари БМТ Тараққиёт дастури, Аҳолишунослик жамғармаси ва ФАОнинг Оролбўйи минтақасидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларининг иқтисодий муаммоларини ҳал этиш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган қўшма лойиҳаси доирасида уюштирилди. Қўшма лойиҳа БМТ шафелигидаги Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида траст фонди томонидан молиялаштирилади.
Боғдорчилик бўйича ўқув машғулотларида деградацияга учраган ер майдонларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш, ерларнинг унумдорлигини ошириш каби масалалар кўриб чиқилди. Шу билан бирга, асосий эътибор томорқа ер майдонларида шўрланган тупроқларга мос бўлган уруғли мевали боғларни ташкил этиш ва томорқалардаги кичик ҳажмдаги иссиқхоналарда цитрус меваларни етиштириш агротехнологиясига қаратилди. Бундан ташқари, иштирокчилар боғларни кимёвий ва биологик ҳимоя қилиш усуллари, етиштирилган маҳсулотларни саралаш, қадоқлаш, сақлаш технологияларини ўрганиб, томорқа ерларида боғлар ташкил этишга давлат томонидан бериладиган имконият ва имтиёзлар ҳақида батафсил маълумотга эга бўлдилар.
Сувни тежовчи технологиялар бўйича тренингда аҳоли шахсий ёрдамчи хўжаликларида томчилаб суғориш технологияларини жорий этиш, эгилувчан қувурлар ёрдамида суғориш тизимини аҳоли томорқаларида тўғри ишлатиш йўллари ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланишнинг бошқа масалалари каби мавзулар ёритилди.
Тренинг ташкилотчилари сўзларига кўра, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва ёшларни қишлоқ хўжалигига жалб этиш агросаноат мажмуасини янада жадал ривожлантириш, ишлаб чиқариш барқарорлигини таъминлашга ҳамда Оролбўйи минтақасининг ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга хизмат қилади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг