Орол денгизи бўйида мобиль алоқадан фойдаланиш имконияти яратилди
Фото: "Халқ сўзи"
Ғайрат ОТАЖОНОВ/«Халқ сўзи». Сўнгги йилларда Мўйноқ туманига, Орол денгизининг суви сақланиб қолган қисмига ташриф буюрувчи сайёҳлар сони кўпаймоқда. Уларга транспорт, меҳмонхона ва бошқа йўналишларда хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш борасида яқин йилларда тасаввур ҳам қилинмаган ишлар амалга оширилмоқда.
Орол денгизига борганлар яхши билишади шу пайтгача денгиз ҳудудида мобиль алоқаси бўлмаган. Ахборот асрида бу ҳам ҳудудга ташриф буюрувчиларга бироз ноқулайлик туғдираётганди.
Шу боис Орол денгизи ҳудудидаги меҳмонхона яқинида янги станция қурилиб, фойдаланишга топширилгани ва эндиликда мобил алоқаси бўлиши ҳақида хушхабар тарқалди. Биз, бу ахборотга янада ойдинлик киритиш мақсадида ўша меҳмонхона масъуллари билан боғланишга ҳаракат қилдик.
— Президентимизнинг тегишли қарорлари асосида тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш борасида қарийб ўн йилдирки, Мўйноқ туманида фаолият кўрсатиб келмоқдамиз, — дейди «VISHE KRISHI TASHKENT» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Саидали Расулов. — Ўтган йил ҳудудга ташриф буюрувчи ички ва ташқи сайёҳларга қулай шароит яратиш мақсадида Орол денгизининг суви сақланиб қолган қисмида «Aral Plaza» бренди остида 96 ўринлик туристик дам олиш масканини қурдик.
Биринчи галда артезиан қудуқ қазилиб, 300 метр чуқурликдан ичимлик суви чиқарилди. Кейинги зарурат сайёҳлар учун ҳам шу ерда ишларни амалга ошириш учун ҳам электр энергиясига эди. Бу борада мамлакатимизда кейинги даврларда катта аҳамият қаратилаётган «яшил» энергетикага мурожаат қилдик. Қуёш панелларини ўрнатиб, дам олиш масканига кечаси ҳам ёруғлик нури таралди.
Бугунги кунгача кўп сонли сайёҳлар дам олиш масканимизда бўлди. Уларнинг айримлари ўзлари хоҳламай айнан мобил телефон ва интернет алоқаси йўқлиги сабабли денгиз бўйидан эртароқ кетишга мажбур бўлганларини кўрганман.
Ўтган йилда Ucell компаниясининг бош директори ўзининг жамоаси билан денгизни томоша қилиш учун ташриф буюриб, меҳмонхонамизда бўлди. Шунда компания раҳбари Орол денгизини яхши кўриб қолганини ва ўзи каби бошқалар ҳам мобил телефон ва интернет алоқаси бўлганида бу маскандаги гўзалликдан кўпроқ баҳраманд бўлиши ҳақида гапирди. Кейин у билан ҳудудда алоқани тиклаш учун амалга ошириладиган тадбирлар ҳақида маслаҳатлашдик, хуллас, ҳудудда мобиль алоқасини тиклаш борасидаги ишлар шу тариқа бошланган эди. Компания томонидан 400 минг доллар инвестиция киритилиб, умуман денгиз бўйига 3 та станция ўрнатилган.
Президентимизнинг Қорақалпоғистон Республикасини ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган тарихий қарорлари асосида юқорида келтирилганидек, олдин бўлмаган, таъбир жоиз бўлса, хаёлга келмаган ишлар, маҳаллий аҳоли ва сайёҳлар учун шароитлар яратилмоқда.
Масалан, 2024 йил 9 февралдаги «Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан ҳудудга инвестицияларни жалб қилиш, янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш каби 15 та йўналиш бўйича вазифалар белгиланган.
Мазкур қарор билан тасдиқланган «Йўл харитаси»нинг 19-бандида мобиль алоқа операторлари билан биргаликда туристлар учун қулай шароит яратиш мақсадида Орол денгизи бўйи ҳудуди тезкор мобиль интернет билан қамраб олинишини таъминлаш белгиланган.
Эндиликда Орол денгизи суви сақланиб қолган ҳудудининг 25 километр масофадаги оралиғида телефон ва яқин ҳудудларда интернет алоқаси бўлади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг