Оққўрғон туманида пахта терими бошланди
Бугун, 9 сентябрь куни Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманидаги «Қаҳрамон» ҳудудида пахта йиғим-терими бошланди.
Вилоят қишлоқ хўжалиги мутахассисларининг таъкидлашича, жорий йилда пахтадан мўл ҳосил етиштиришга муваффақ бўлинди. Ғўзанинг серҳосил, эртапишар, турли касаллик ва зараркунандаларга чидамли «С- 6524», «Султон», «Наманган -77», «Порлоқ», «Бухоро -102» навлари парваришланди.
Тошкент вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати маълумотларига кўра, вилоятда бу йил 73 минг гектар майдонда ғўза парвариш қилинган бўлиб, ҳар бир гектар майдондан 31, 5 центнердан қимматбаҳо саноат хомашёси етиштириш кўзда тутилган. Жами 229,6 минг тонналик пахта хирмони бунёд этиш режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, Ҳукумат қарори билан 2020 йилда етиштирилган пахта хомашёси йиғим-теримини ташкил этишда:
машинада терилган 1 т пахта учун – 920 000 сўм хизмат ҳақи тўлаш;
қўлда терилган 1 кг пахта учун биринчи теримда – 1000 сўмдан, иккинчи теримда – 1400 сўмдан кам бўлмаган меҳнат ҳақи тўлаш;
пахта-тўқимачилик кластерлари ва кооперациялари ушбу нархлардан кам бўлмаган ҳолда мустақил нарх белгилашлари;
пахта хомашёси учун меҳнат ва хизмат ҳақини ҳар 5 кунда, зарурат бўлганда, ҳар куни тўлаш тавсия этилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг