Ўқитувчи ва мураббийлар куни Самарқандда кенг нишонланди

10:19 02 Октябр 2023 Жамият
864 0

Фото: Халқ сўзи

“1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан Самарқандда ташкил этилган байрамнинг асосий тантанаси вилоят мусиқали драма театрида бўлиб ўтди.

Унда Мактабгача ва мактаб таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, ҳамда Президент таълим муассасалари агентлиги тасарруфидаги таълим муассасаларида фаолият юритаётган устоз-мураббийлари, энг фидойи ўқитувчилар, соҳа фахрийлари жам бўлишди.

Тадбирда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов иштирок этиб, барча устоз ва мураббийларни байрам билан қутлади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги Фармонига кўра, самарқандлик бир гуруҳ ўқитувчи ва мураббийлар ҳам давлатимизнинг фахрий унвон, юксак орден ва медаллари билан тақдирланган эди. Тантанали тадбирда мазкур мукофотлар ўз эгаларига топширилди. Шунингдек, бир гуруҳ фаол устозлар кўкрак нишонлари, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Тадбир сўнгида иштирокчилари учун вилоят мусиқали драма театри жамоаси томонидан “Ялангтўш Баҳодир” спектакли намойиш этилди.

Байрам тантанаси “Диёра” базмгоҳида бир пиёла чой устида маданий тадбир билан давом этди. Таниқли санъаткорларнинг концерт дастури йиғилганларга хуш кайфият бахш этди.

Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер