Оқава сувнинг иккинчи ҳаёти

14:39 06 Март 2025 Жамият
286 0

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ/«Халқ сўзи». Ўтган йил охирида фойдаланишга топширилган Янгиер шаҳар оқова сув тозалаш иншооти туфайли ҳудудда ҳосил бўладиган оқава сувлардан ноозиқ овқат экинларини суғоришда фойдаланиш имконияти пайдо бўлди. Яъни эндиликда мазкур иншоотда оқова сувлар уч босқичда тозаланиб, ана шундай эҳтиёж учун яроқли ҳолатга келтирилмоқда.

Тозалаш жараёнлари тўлиқ автоматлаштирилган. Биринчи босқичда оқава турли чиқиндилардан тозаланади. Иккинчи босқичда биологик амаллар бажарилади. Бунда сувдаги зарарли бактериялар зарарсизлантирилади. Сўнгра тозаланган сувнинг зарарсизлигини янада кафолатли таъминлаш мақсадида унга хлор ҳамда бошқа воситалар қўшилади.

— Янги қурилган оқова сув тозалаш иншооти туфайли Янгиер шаҳрининг санитар-эпидемиологик ҳолати янада яхшиланди, — дейди « Сирдарё сув таъминоти» акциядорлик жамияти ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи Сардор Жуманазаров. — Бир кеча-кундузда 12 минг метр куб оқава сувни тозалаш имкониятига эга бўлинди. Жараён тўлиқ автоматлаштирилган ва замонавий технологияларга асосланган. Яна бир фойдали жиҳат шуки, янги иншоот юқори энергия тежамкорлик хусусиятига эга.

Ўтган йилда худди шундай иншоот Ширин шаҳрида ҳам фойдаланишга топширилди. Гулистон шаҳрида қурилаётгани тез орада ишга туширилади. Маълум қилинишича, Сирдарё вилоятидаги 5 та туман марказида ҳам Янгиер шаҳридаги каби оқова сув тозалаш иншоотлари қурилади. Айни пайтда қурилиш ишлари Боёвут туманида бошланган. Шунингдек, вилоятда ичимлик суви таъминотини ҳамда канализация тизимини янада яхшилаш борасида ҳам бир неча лойиҳалар амалга ошириш белгилаган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер