Она тили муаллимларининг тил саводхонлиги синовдан ўтказилди
Қарши шаҳрида Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилоят бўлими томонидан ташкил этилган “Буюк ва муқаддассан, она тилим!» мавзусидаги танловнинг Қашқадарё вилоят босқичи бўлиб ўтди.
— Ушбу танлов умумий ўрта таълим мактабларининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари ўртасида ўтказилиши эълон қилинган эди, — дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари Лола Саодатова. — Низомга кўра, дастлаб танловнинг шаҳар-туман босқичлари ўтказилиб, ўз ҳудудида ғолиб бўлган 16 нафар иштирокчи вилоят босқичи ғолиблиги учун 3 та шарт асосида баҳс олиб боришди.

Дастлабки шартда иштирокчиларнинг саводхонлик даражаси “диктант” асосида синовдан ўтказилган бўлса, иккинчи шартда улар томонидан тайёрланган, тилимиздаги турли ёт сўзлар, афиша, лавҳа ва реклама тахталаридаги ғализ жумлаларни акс эттирувчи видеороликлар кўриб чиқилиб, баҳо берилди.
Танлов сўнгги шарти эса “Ўзбекчаси бор-ку” деб номланди. Мазкур шартда иштирокчилардан кундалик мулоқотда кўп қўлланадиган хорижий атамаларнинг ўзбекча муқобилларини айтиш ва шарҳлаш сўралди. Қатнашчи сўзни билет тортиш орқали танлади. Сўз муқобили ва изоҳнинг аниқлигига қараб иштирокчига баҳо қўйилди.

Танлов якунига кўра, биринчи ўрин Қамаши туманидаги 95-мактаб ўқитувчиси Насиба Иброҳимовага насиб этди. Миришкор туманидаги 9-мактаб ўқитувчиси Ҳайитой Ҳомидова иккинчи ўринга лойиқ кўрилган бўлса, Ғузор туманидаги 44-мактаб ўқитувчиси Гулзира Шарипова учинчи ўрин билан кифояланди.
Танловнинг барча ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг