“Она тили — миллат кўзгуси” номли тадбир бўлиб ўтди

18:24 20 Октябр 2023 Жамият
326 0

Фото: 229-мактаб матбуот хизмати

Жорий йилнинг 20 октябрь куни Тошкент шаҳар Учтепа тумани 229-сонли мактабда Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 34 йиллиги муносабати билан “Она тили — миллат кўзгуси” номли тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда мактаб ўқитувчи ҳамда ўқувчилари, шунингдек, фахрий меҳмон сифатида атоқли ўзбек адиби, ўзбек романчилик мактаби асосчиси Абдулла Қодирийнинг невараси Мазлумахон Қодирий ҳам иштирок этди. Тадбирни очиб бериш аввалида Мазлумахон Қодирий Ўзбек тилининг давлат тили мақомига кўтарилиши осон бўлмагани, йиллар силсиласидан омон ўтган тилимизни келажак авлодга бутунича етказиб бериш бурчимиз эканлигини таъкидлаб ўтди.

Фото: 229-мактаб матбуот хизмати

— Она тилимизнинг бизгача етиб келишида анча одамнинг ҳиссаси бор, — деди Мазлумахон Қодирий. — Тилимизни асраб-авайлаш учун барчамиз ҳаракат қилишимиз лозим. Ҳозирги кунда ўзбек тилига бошқа тиллардаги сўзларни қўшиб гапириш ёки тилнинг софлигини фаол равишда бузиш ҳолатлари кўп учрамоқда. Кўп тилни билиш яхши, лекин ўз тилини қурбон қилиш эвазига эмас.

Шунингдек, тадбир давомида мактаб ўқувчилари тилни бузиб гапираётган, ҳурматсизларча муносабатда бўлган ёшларни гавдалантириб, саҳна кўриниши ижро этишди. Куй-қўшиқ, шеър ҳамда рақсга уланиб кетган кеча файзли ўтди. Ўқувчилар томонидан тақдим этилган тил ҳақидаги турли видеороликлар томошабинларда илиқ таассурот қолдирди.

Фото: 229-мактаб матбуот хизмати

— Мен шу мактабга келганимда мактаб тўлиқ рус синфда ўқитилар эди, — дейди шу мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси, “Халқ таълими фидокори” кўкрак нишони соҳибаси Замира Абилова. — Йиллар ўтди, тилимиз ўзимизга қайтди, у кунларни кўриш ҳам насиб этди. Мана, ҳозирги кунда мактабимиз тўлиқ ўзбек тилида ўқитилади. Ўз тилимиз барибир бошқача, ахир мен Алишер Навоийни, Мирзо Бобурни, Қодирийни, Авлоний, Чўлпон-у Фитратларни шу тилда танидим, шу тилда ўқидим. Бундан ортиқ шараф борми мен учун?! Миллий тил байрамимиз барчамиз учун қутлуғ бўлсин!

Фото: 229-мактаб матбуот хизмати

Тадбир якунида фаол қатнашган ўқувчилар тақдирланиб, мактаб раҳбарияти томонидан тадбирни ташкиллаштиришдаги фаол ташаббуси ҳамда кўмаги учун она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари Замира Абилова, Роҳила Мавлонова, Махсуда Рустамова, Гуласал Раҳмонова, Зилола Умедова ҳамда Зулфизар Мейлиевага миннатдорлик билдирилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер