Она мутолаа қилса, бола китобхон бўлади
Рўзғордаги саришталик, фарзандлар камолотидаги тугалликни аёл иштирокисиз тасаввур этиш жуда мушкул. Айниқса, фарзандини китобга ошно этишда она ўрнини ҳеч бир устоз боса олмайди.
Шу боис Навоий вилоят ахборот кутубхона маркази қошида 2022 йилдан буён “Китобхон оналар куни” тадбири йўлга қўйилиб, оилавий китобхонлик оммалашиб бормоқда.
— Ушбу тадбир ҳар ойда бир марта ўтказилиб, унда китобхон оналаримиз ўзлари оила даврасида ўқиган китобларининг маънавий-маърифий аҳамияти, илгари сурилган ғоялари хусусида фикр алмашадилар, — дейди Навоий вилоят АКМ директори ўринбосари Шамсия Бақоева. — Шунингдек, фарзандларида китобхонлик маданиятини қарор топтириш, уларда ёт ғояларга нисбатан маънавий иммунитетни кучайтириш юзасидан тажриба алмашиб, тавсиялар ишлаб чиқишади.
Таъкидлаш жоиз, ушбу тадбир ижодкор уй бекалари, талаба-қизлар ва таълим фахрийларини ҳам ўз атрофига бирлаштирган. Учрашувда улар ўз ижодидан намуналар ўқишиб, таассуротларини ўртоқлашмоқда.
— Оилада она китобхон бўлса, фарзандлар ҳам албатта китобга ошно тутинади, — дейди таълим фахрийси Меҳри Ортиқова. — Фарзандга “дарсингни қил ёки китоб ўқи”, дейиш, тарбия ҳам, таълим ҳам эмас. Ҳар бир она оилада бунинг учун энг аввало, вақт топиб, фарзандига ўзи намуна бўлиши керак.
“Китобхон оналар куни”нинг навбатдаги тадбирида уни “Китобхон оналар клуби”га айлантириш ва клубга аъзолар сафини янада кенгайтиришга келишиб олишди.
Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг