Ўн беш нафар фарзандим уйли бўлди
Мен раҳбарлик қилаётган «Болалар шаҳарчаси»да оила муҳити қарор топган. Ҳар бир болалар гуруҳининг алоҳида ўз уйи ва «ойи»си бор. Ўғил-қизларнинг бари мени «Катта ойи» деб чақиради. Бу сўз шунчалик сеҳрли эканки, биз «ойи»лар шаҳарчадаги барча ўғил-қизларимизга нисбатан чин қалбимиздан оналик туйғусини ҳис қиламиз. Бу ҳол айниқса, уларни мустақил ҳаётга кузатишда янада кучлироқ сезилади. Чунки, фарзанди вояга етгач , унинг униб-ўсиб, уйли-жойли бўлиб, бахтли ҳаёт кечириши ҳар бир онанинг энг катта орзуси. Аммо авваллари битирувчиларимиз орасида «Болалар шаҳарчаси»дан сўнг борадиган, яшайдиган жойлари йўқлари бўлиб, бу бизни ўйлантирадиган оғриқли масала эди. Шукрки, ушбу муаммо ҳам тўлиқ ҳал бўлди.

Яқинда Президентимизнинг 2019 йил 11 февралдаги «Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ги қарори асосида 15 нафар вояга етган тарбияланувчиларимизга янги қурилган кўп қаватли уйлардан хонадонлар берилди. Ва очиғини айтиш керак, аниқ бир борар жойи йўқ фарзандларимизнинг ҳаммаси кўчада қолмайдиган бўлди. Масалан, Дмитрий Трофимовнинг бу дунёда ҳеч кими йўқ. У ҳали 15 ёшидаёқ хавотир билан «Катта ойи, мактабни битиргач, қаёққа бораман?» деб сўрарди мендан. Қарангки, унга айнан ўзи туғилган Ховос шаҳарчасида бунёд этилган уйдан хонадон ажратишди, «Тоза ҳудуд» ташкилотидан иш ҳам беришди. Дмитрий каби бошқа битирувчиларимизнинг ҳам мустақил ҳаёт йўллари ана шундай равон изга тушаётганидан кўнглимиз тўқ. Яна бир жиҳат эса, ўтган йили бир неча ўғил-қизларимиз юқори билимлари ва яратилган имтиёзлар туфайли олий ўқув юртлари талабаси бўлди. Бу йил 31 нафари тест синовларига пухта тайёргарлик кўрмоқда. Ишонаманки, ҳадемай улардан ҳам кўплаб хушхабарлар эшитамиз.
Покиза АҲМАДЖОНОВА,
Гулистон шаҳридаги «Болалар шаҳарчаси» директори,
II даражали «Соғлом авлод учун» ордени соҳибаси.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг