Олтинсой туманида кўмир қазиб олинмоқда
Фото: Халқ сўзи
Тумандаги Ҳўжайипок маҳалласи ҳудудида инвестиция дастури асосида кўмир қазиб олиш лойиҳаси амалга оширилмоқда.
“Турон Эко Кўмир” масъулияти чекланган жамияти томонидан 600 миллиард сўм маблағ йўналтирилмоқда. Корхонага Хитой ва Италия давлатидан энг замонавий ускуна ва жиҳозлар олиб келинади. Лойиҳада йилига 360 минг тонна кўмир қазиб олиш, шундан 5 миллион долларлик маҳсулотни экспорт қилиш кўзда тутилган. Натижада 1000 нафар маҳаллий аҳоли доимий иш ўрнига эга бўлади.
— Айни кунларда туманимизда бир неча йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда, —дейди Олтинсой тумани ҳокими ўринбосари Азизжон Раҳимов. — Жумладан, хорижий сармоядорлар маблағи эвазига кўмир конини ўзлаштириш ишлари бошланди. Аслида, 1944 ҳамда 1998 йилларда ҳам ушбу кўмир кони очишга уринишлар бўлган. Аммо иқтисодий муаммолар бунга йўл бермаган.
Давлатимиз раҳбарининг вилоятимизга ташрифи чоғида тадбиркор томонидан билдирилган таклиф қўллаб-қувватланиб, масъул вазирлик ва идораларга лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш юзасидан топшириқлар берилди. Қисқа фурсатда амалий ишларга киришилиб, майдони 205 гектарни ташкил этувчи кондан очиқ усулда кўмир қазиб олиш бошлаб юборилди. Юқори ёнувчанлик хусусиятига эга кўмир маҳсулоти асосан санъат корхоналари учун муҳим ёнилғи манбаидир.
Корхона 2024 йилда тўлиқ қувват билан ишлай бошлайди.
Илҳом Раҳматов, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг