Олти ойда 20 миллиард сўм маблағ тежаб қолинди
Фото: «Халқ сўзи»
Андижон вилоятида сув қувурида юзага келган носозликларни аниқлаш ишлари сунъий йўлдош орқали амалга оширилмоқда. Бунинг учун “Maya internatonal infrostrecture” Ўзбекистон-Исроил қўшма корхонаси хизматидан фойдаланиляпти.
— Авваллари ер остида юзага келган носозликларни аниқлаш учун бир неча метр масофани ковлашимизга тўғри келарди, — дейди “Андижон сув таъминоти” МЧЖ бош муҳандиси Дилмуроджон Султонов. — Натижада асфальт йўллар сифати жиддий зарарланар эди. Соҳага инновацион усулларнинг жорий этилиши туфайли бу муаммога узил-кесил чек қўйилди. Мутахассислар махсус мосламалар орқали носозлик жойининг ўчоғини топиб бермоқдалар.
— Корхона дастлаб Тошкент шаҳрида фаолият олиб борди ва икки йил ичида 2000 дан ортиқ ер ости сув қувури носозликларини аниқлашга эришди, — дея изоҳ беради “Maya internatonal infrostrecture” қўшма корхонаси раҳбари ўринбосари Жамшидбек Турдиалиев. — Андижонда эса 580 та ер ости носозликларини аниқлашга эришдик. Бундан ташқари ер қаърида қолиб кетган 200 дан ортиқ қудуқларни топиб бердик.
Сув таъминотида замонавий технологияларни татбиқ этишга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида Андижон вилоятида сўнгги олти ой ичида 1 минг куб оби ҳаёт исрофгарчилигининг олди олиниб, давлат бюджетидан 20 миллиард сўм маблағ тежаб қолинди.
Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг