Олмаотада йўловчи автобуси ЙТҲга учради. Қурбон бор
Фото: “Zakon”
Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида йўловчи автобуси ЙТҲга учради. Ҳодиса оқибатида 25 нафар йўловчи тан жароҳати олган, бир киши воқеа жойида вафот этган. Бу ҳақда “Zakon.kz” хабар берди.
Дастлабки маълумотларга кўра, йўл-транспорт ҳодисаси бугун, 26 июнь куни соат 14:20 да Олмали туманида содир бўлган.

Полициянинг аниқлик киритишича, KIA русумли автомобиль ҳайдовчиси Макатаев кўчасидан ўтаётиб 18-рақамли йўловчи автобуси билан тўқнашиб кетган. Оқибатда автобус бошқаруви издан чиқиб, тўсиққа бориб урилган.
«Йўл-транспорт ҳодисаси туфайли 16 нафар йўловчи тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган, яна бир йўловчи ҳодиса жойида вафот этган», дейди Олмаота шаҳар полиция бошқармаси матбуот хизмати.

Шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси маълумотларига кўра, жабрланганларнинг сони юқоридаги рақамлардан 9 нафарга кўп, яъни 25 киши. Уларнинг 22 нафари шаҳар касалхоналарига етказилган бўлиб, у ерда уларнинг барчасига ўртача даражадаги жароҳатлар ташхиси қўйилган.
Қўшимча қилинишича, жабрланганлар орасида — 14, 15 ва 16 ёшдаги уч нафар ўсмир ҳам бор. Улар бурун синиши, тизза ва қорин қисми кўкаришлари билан тиббиёт муассасасига мурожаат қилган.
«Ҳозирги вақтда беморларда текширувлар ўтказилмоқда ва барча зарурий даволаш чоралари кўрилмоқда. Текширувлардан сўнг кимга стационар даволаниш, яшаш жойида амбулатор ёрдам кўрсатилиши аниқ бўлади.», дейилади шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси хабарида.
Автоҳалокат юзасидан жиноий иш очилган, тегишли экспертиза тайинланган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг