Олис маҳаллаларда тиббий кўрик ўтказилмоқда
Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ/«Халқ сўзи». Жорий йилнинг 2 апрелидан бошлаб Сирдарё вилоятидаги олис маҳаллаларда чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ўтказилмоқда.
Мазкур тиббий хизматлар Сирдарё вилояти ҳокимлиги томонидан фуқароларнинг тиббий кўрикдан ўтказиш ва соғлиғини тиклаш билан боғлиқ мурожаатларини жойида ўрганиш ва уларга ечим топиш ҳамда аҳолига қулайлик яратиш мақсадида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тузган режа-жадвал асосида ташкил этилаётир. Уларга республика ва вилоятнинг етакчи шифокорлари жалб этилган ва барча тиббий кўриклар бепул амалга оширилмоқда. Шунингдек, ҳамма хоҳловчилар чуқурлаштирилган тиббий кўриклардан ўтиши мумкинлиги ҳам белгилаб қўйилган.

Ширин шаҳрининг Нуробод маҳалласида ташкил этилган тиббий кўрик давомида 250 нафарга яқин фуқаронинг саломатлиги текширувдан ўтказилди. Ўрганишлар натижасига касаллиги аниқланган фуқароларга тегишли тавсиялар берилди. Улардан 65 нафари амбулатор даволанишга йўналтирилди, 15 нафари эса стационар муолажага муҳтожлиги боис тиббиёт муассасаларига юборилди. 170 нафардан ортиқ фуқарога зарур дори-дармонлар бепул етказилди.
— Ушбу тиббий кўрик кўплаб маҳалладошларимизга ҳар жиҳатдан катта ёрдам бўлди, — дейди маҳалла фаоли Мавлуда Собирова. — Шаҳарга ёки вилоят марказига бориб қанча вақту маблағ сарфлаш керак бўлган барча тиббий хизматлар, шундоқ улар яшаётган маҳалланинг ўзида, уйлари яқинида текин ташкил этилди. Қолаверса, ушбу эътибордан қанча кўнгиллар шод, обод бўлди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг