Олимлар «Омикрон» штаммининг ноодатий аломатларини аниқладилар
Иллюстратив фото
«ZOE COVID Study»нинг британиялик олимлари ўз дастурлари орқали олинган маълумотлардан фойдаланиб «Омикрон» штаммининг бир қатор аломатларини аниқладилар.
Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, ушбу штамм билан зарарланганлар орасида кўпинча қуйидаги аломатлар кузатилади: бурун оқиши, бош оғриғи, чарчоқнинг кучайиши, тез-тез аксириш ва томоқ оғриғи. Бундан ташқари, камдан-кам учрайдиган бир аломат — иштаҳани йўқолиши ҳам қайд этилган.
«ZOE COVID Study»нинг етакчи тадқиқотчиси Тим Спекторнинг айтишича, «Омикрон» Буюк Британияда Рождествога қадар ҳукмронлик қилади. Олимнинг сўзларига кўра, янги штамми билан касалланиш даражаси коронавируснинг барча олдинги вариантларига қараганда анча юқори бўлади.
Буюк Британия бош санитар шифокори, профессор Крис Уитти «Омикрон» тез тарқалиш чўққисига чиқишини, лекин айни пайтда тез пасайишини айтганди. Унинг таъкидлашича, кейинги икки ҳафта ичида юқтирганлар сони жуда кўп бўлади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, айни пайтда «Омикрон» билан зарарланиш ҳолати дунёнинг 89 давлатида расман қайд этилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг