Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Конституциявий қонун лойиҳасини тайёрлашга масъул бўлган қўмиталари қўшма йиғилиши бўлиб ўтмоқда

16:09 24 Февраль 2023 Сиёсат
462 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Конституциявий қонун лойиҳасини тайёрлашга масъул бўлган Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари ҳамда Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмиталарининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Унда «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича амалга оширилган ишлар кўриб чиқилмоқда.

Жаҳонгир Ширинов, Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси:

— 2022 йил 24 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида сиёсий партиялар фракциялари томонидан Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан илгари сурилган қатор таклифлар ҳам янгиланаётган Конституциямиз матнида акс эттирилди. Хусусан, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ваколатларини аниқлаштиришга, шунингдек уларнинг ҳамкорлик механизмларини янада такомиллаштиришга, жамоатчилик, парламент ва депутат назорати механизмларини такомиллаштиришга, ижтимоий давлат принципларини рўёбга чиқаришнинг конституциявий механизмларини кучайтиришга қаратилган нормалар киритилди.

Конституциявий қонун лойиҳаси 6 турдаги экспертизадан, жумладан: лингвистик, юридик, гендер-ҳуқуқий, коррупцияга қарши, жамоатчилик ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича нормаларга мувофиқлиги бўйича экспертизалардан ўтказилди.

Янгиланаётган Конституция авваламбор илгари амал қилиб келган «давлат – жамият – инсон» тамойилини «инсон – жамият – давлат» деб ўзгартириш, яъни энг аввало инсон манфаатини ҳар нарсадан устун қўйишни мақсад қилган. Жумладан, Инсоннинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларда юзага келадиган қонунчиликдаги ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши белгиланмоқда. Масалан, солиқ қонунчилигида бир-бирига номувофиқ бўлган нормалар вужудга келди. Бундай номувофиқликни, табиийки, солиқ органи давлат фойдасига, фуқаро эса ўз фойдасига талқин қилишни хоҳлайди. Конституцияга киритилаётган мазкур кафолат эса, бундай баҳсга нуқта қўяди ва номувофиқликлар давлатга эмас, балки инсон фойдасига ҳал этилади деб қатъий белгилайди.

Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини кучайтиришга қаратилган қўшимча нормалар киритилди. Жумладан, давлатнинг фуқароларни ишсизликдан ҳимоя қилиш ва камбағалликни қисқартириш чораларини кўришга оид вазифаларини назарда тутувчи янги модда киритилди. Бундан ташқари, мазкур моддага мувофиқ, давлат фуқаролар бандлигини таъминлаш учун уларнинг касбий тайёргарлиги ҳамда қайта тайёрланишини ташкил этиши ва рағбатлантириши назарда тутилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер