Олий Мажлис Қонунчилик палатасида давлат мукофотлари тантанали топширилди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида давлат мукофотларини тантанали топширишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н. Исмоилов йиғилганларни Мустақиллик байрами ва мукофотлар билан табриклаб, эзгу тилаклар билдирди.
Таъкидланганидек, халқимиз шу кунларда Ватанимиз ҳаётида бутунлай янги даврни бошлаб берган унутилмас тарихий воқеа — Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 32 йиллик байрамини “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!» деган бош ғоя асосида кенг нишонламоқда.
Ушбу ғоя замирида чуқур маъно бор. Зеро, кейинги етти йилда Ўзбекистон демократик янгиланишлар, жадал иқтисодий ривожланиш, кенг кўламли ислоҳотлар мамлакатига айланди. Бугун ҳар бир фуқаро эркин ва фаровон яшайдиган янги жамият ва давлат барпо этилмоқда. Хусусан, янги таҳрирдаги Конституциянинг қабул қилиниши халқимиз Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини яна бир бор яққол тасдиқлади.
Иқтисодиёт тармоқларини жадал ривожлантириш, тадбиркорликка кенг йўл очиш, янги иш ўринлари яратиш, камбағалликни қисқартириш ҳамда аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, тиббий хизматлар ва таълим сифатини жаҳон стандартларига мослаштириш борасида тизимли ишлар олиб борилаётганлиги қайд этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига асосан Қонунчилик палатаси Спикери томонидан бир гуруҳ давлат хизматчилари, ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий соҳалар ходимларига давлат мукофотлари тантанали равишда топширилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг