Олий аттестация комиссияси илмга кўмакчими ёки тўғаноқ?
Долзарб мавзу
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги “Илғор технологиялар маркази”да ўтказилган давра суҳбатида академиклар, докторантлар, профессор ўқитувчилар, давлат ташкилотлари ходимлари ҳамда экспертлар гуруҳи иштирок этди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясининг фаолияти танқидий тахлил қилинди. Тахлиллар магистратура таълимини модернизациялаш бўйича давлат сиёсатининг муваффақиятли амалга оширилишига тўсиқнлик қиладиган ва иқтидорли ёшларни фан соҳасидан кетишига сабаб бўлаётган қатор муаммолар ва тизимли камчиликлар мавжудлигини кўрсатди
Олий аттестация комиссияси диссертацияни ҳимоя қилишнинг барча босқичларини тартибга солиб, илмий кенгашларнинг мустақил фаолият юритишига имкон бермаяпти. Диссертацияларга қўйиладиган талабларнинг жаҳон талабларига мос эмаслиги илмий ишлар савиясига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Тавсия қилинаётган лойиҳа эса аспирантура тизимини жаҳон амалиётига мослаштиришга йўналтирилган бўлиб, унда илмий ва таълим муассасаларига мустақиллик бериш, илмий ишларнинг сифатини ошириш, шунингдек, саноатни ривожлантиришга ҳисса қўшувчи олий тоифали кадрларни тайёрлашга қаратилган.
Ҳозирда илмий ишларнинг сифатини баҳолаши керак бўлган илмий кенгашлар иккинчи даражали ааҳамиятга эга бўлиб қолган. Олий аттестация комиссияси ҳимоя олдидан автореферат ва диссертацияларни (низомга зид равишда) текшириш, уларни чоп этишга рухсат бериш, Коммиссия бюллетинида мавзуларни эълон қилиш, имтиҳонлар топширишга рухсат бериш, ҳимоя кунини белгилаш, илмий семинарлар таркибини тасдиқлаш ваколатига эга.
Янги қоидаларга биноан, илмий тадқиқот муассасалари ва олий таълим муассасалари илмий кенгашлари ушбу функцияларни мустақил равишда бажаришлари назарда тутилган.
Докторантуранинг мавжуд концепцияси иқтисодиёт ва ишлаб чиқаришнинг турли соҳалари учун юқори малакали кадрларни шакллантиришга қаратилмагани, фақатгина илмий ходимлар рўйхатини тўлдириш учун хизмат қилгани боис, унинг фаолияти мамлакатимизнинг инновацион ривожланишига тўсқинлик қилиб келмоқда. Шунингдек, илмий тадқиқотлар сифатининг пастлиги миллий тадқиқотларнинг чоп этилиш даражасига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Янги лойиҳада саноатга йўналтирилган дастурларнинг янги тизимини киритиш назарда тутилган бўлиб, унга кўра тадқиқотчига иккита раҳбар тайинланади – улардан бири саноат вакили бўлиб, илмий ишнинг мавзуси ишлаб чиқаришнинг илмий жиҳатдан муайян ечимига қаратилади.
Етакчи хорижий илмий муассасалар билан ҳамкорлик қониқарсиз экани юртимиз илм-фан ривожига жиддий тўсинлик қилмоқда.
Янги лойиҳага кўра жаҳон (Европа давлатлари, Қозоғистон) тажрибасига таянган ҳолда қўш диплом (double degree) тизими жорий қилиш назарда тутилган. Бунда докторант 6 ойдан бир йилгача бўлган муддатда хорижий ОТМда таълим олиш имкониятига эга бўлади. Бунда PhD дипломи иккала университет томонидан ҳам берилади.
Таъкидлаш жоизки, илмий ишлардаги сифат кўрсаткичи — иқтибос индекси қўшни давлатларникига қараганда анча паст. Битта эълон қилинган илмий мақоладан иқтибос олиш миқдори Ўзбекистонда (0,37)ни ташкил этади. Бу кўрсаткичлар Россияда (0.54), Украинада (0,61), Озарбайжонда (0,89), Белоруссияда (0,94)га тенг. Юртимиздаги 2,5 минг нафар фан докторларининг атиги 300 нафаригина “Хирши” иқтибос индексига эга, улардан 32 нафаридагина бу индекс кўрсаткичи 5 дан ортиқ. Ваҳоланки, Европа мамалакатларида PhD илмий даражасига эга олимларнинг ўртача иқтибос кўрсаткичи 5 ни ташкил этади, профессор номини олиш учун эса индекс кўрсаткичи 12–18га тенг бўлиши керак.
Скопус (Scopus) илмий мақолалар маълумотлар базасига кўра, 2016 йили Ўзбекистондаги иқтибос келтириладиган мақолалар сони 575 тани ташкил этган. Қозоғистонда худди шу кўрсаткич 3066 та. Шунингдек, ҳар миллион киши ҳисобига илмий мақолалар Ўзбекистонда 18 тага тўғри келса, бу кўрсаткич Озарбайжонда 91, Қозоғистонда 170, Белоруссияда 189, Украинада 227 ва Россияда 509тани ташкил этади.
Шу боис ҳам жаҳонда қабул қилинган стандартларга риоя қилган ҳолда илмий ишлар устида ишлаш, мавзулар танлаш, мақолалар ёзиш вақти келмадимикан?
Инновацион ривожланиш вазирлиги Матбуот хизмати.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг