Ўғлим ётлик қилди, ҳоким мурувват кўрсатди…
Фото: Халқ сўзи
Ҳаёт мени сийламади, ҳали ёш пайтимдаёқ кўп синовларни бошимдан кечирдим. Бешинчи синфда ўқиётган қизалоғим турмуш ўртоғим билан автоҳалокатга учраб, ҳаётдан эрта кўз юмди. Она учун фарзанд доғи қандайлигини фақат буни бошидан ўтказганлар билади. Кейин суянчиқсиз қолганим ҳам яна бир зарба бўлди. Начора, тақдир экан, ёлғиз ўғлимни тарбиялаб, вояга етказдим.
Йиллар саломатлигимга путур етказди, биринчи гуруҳ ногиронига айландим. Ўғлим ҳам уйлангач, хотини билан кетди-ю, онадан хабар олиш ёдидан кўтарилди. Ёлғиз, ҳеч кимга кераги йўқ кекса аёл бўлиб, нураб ётган уйда қаровсиз қолдим.
Телевизорда ҳар доим вилоят ҳокими халқ билан учрашяпти, одамларнинг муаммолари ҳал бўляпти, деган гапларни эшитгач, таваккал қилиб шундай сайёр қабуллардан бирига бордим.
Тумонат одам, ҳамма ўз дарди билан келган. Менга навбат етадими-йўқми, дея иккиланиб ўтирдим. Кексалигимми ё юришга қийналаётганим ҳисобга олинибми, дарров йўл бўшатишди. Соғлигимни тиклашни, уйимни озроқ бўлса ҳам эпақага келтиришларини сўрадим.
Вилоятимиз ҳокими сўзларимни тинглагач, ёнидагиларга топшириқ берди. Бу топшириқ қачон бажариларкан, деб уйга қайтдим.
Аммо орадан кўп ўтмай, абгоргина уйим одам ўтирадиган ҳолга келтирилди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасидагилар соғлиғимга эътибор қаратиб, муолажалар қилишди.
Баъзида ўзимни ҳеч кимга кераксиз ҳисоблаб, ўксиб қолардим. Раҳбарларимизнинг мендай бир кекса бир аёл мурожаатини эътиборсиз қолдирмай, ёрдам берганидан қувондим, шукр қилдим. Демак, мен ёлғиз эмас эканман.
Гулсум Тагиева,
Самарқанд шаҳри, Дамариқ маҳалласи
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг