Одамлар дилидаги ташаббус илгари сурилди
Президентимизнинг Андижонга ташрифи биз, вилоят аҳли учун жуда қувончли, унутилмас воқеа бўлди.
Туманларни айланиб, аҳоли билан учрашиб, ўтган бир йил ичидаги катта ўзгаришларни кўрган давлатимиз раҳбари ҳам буни ҳис қилгани, шубҳасиз. Буни Юртбошимизнинг Улуғнор тумани ҳокимлигида вилоят фаоллари ҳамда мутасадди раҳбарлар иштирокида ўтган видеоселектор тарзидаги йиғилишда биринчи бўлиб гапирган гапидан ҳам англаш қийин эмас: “Мен аҳоли билан учрашдим, суҳбатлашдим, уларнинг юз-кўзларида озгина бўлса-да, ишончни, шукроналикни кўрдим, лекин биз шу ишончни оқлай оламизми? Халқнинг кайфияти доимо кўтаринки бўлишига эриша оламизми?”
Бу гаплардан сергак тортдик. Зиммамиздаги масъулиятни янада кўпроқ ҳис этдик. Шавкат Мирзиёев фақат ҳалол ва пок одамгина Президентнинг дўсти бўлишини айтди. “Бугун Андижонда иш бор, лекин бу андижонликлар учун кам. Чунки андижонликларнинг тажрибаси ҳам, салоҳияти ҳам, билими ҳам етарли. Андижон ҳамма соҳада илғор бўла олади. Чунки бу заминда буюк Бобур авлодлари яшайди”, деди. Мазкур эътироф Андижон аҳли учун жуда катта баҳодир.
“Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури асосида халқни рози қилиш, бандлигини таъминлаш ҳақидаги таклифларини мамнуният билан қарши олдик. Бундай эътибор ҳамда ғамхўрлик учун Андижон халқи давлатимиз раҳбари олиб бораётган ислоҳот ва сиёсатдан чексиз миннатдор. Президентимизнинг мана бу сўзлари ҳаммамизни янада масъулиятли бўлишга чорлади: “Халқни рози қилиш учун икки соат кам ухлаш, 4 соат кўпроқ юриш кифоя”.
Мен маҳалла раиси сифатида давлатимиз раҳбарининг шу гапини ўзимга шиор қилиб олдим. Ҳар бир хонадонни тадбиркорликка тортиш учун камроқ ухлаб, кўпроқ ишласак, эл-юртнинг кўнглини топсак, рози этсак, ўз вазифамизни бажарган бўламиз.
Юртбошимизнинг вилоятимизга ташрифидан сўнг тадбиркорликни бошлашга аҳд қилганлар сони ошганини ҳам мамнуният билан қайд этишим ўринли бўлади. Масалан, шу қисқа вақтда юздан ортиқ фуқаролар бизнес билан шуғулланиш истагини билдириб, мурожаат қилиб келди! Бундай манзарага эса фаолиятим давомида биринчи бор дуч келдим.
Демак, Президентимиз халқимизнинг айнан дилидаги гапни ўртага ташлаган экан. Қолаверса, у киши ташриф буюрган саноат корхоналари, иқтисодиёт тармоқлари, аграр тузилмалар фаолияти, ободонлаштириш ишлари билан танишиш асносида иқтисодиётни тараққий топтириш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш, аҳоли даромадини юксалтириш, қисқача айтганда, халқимиз фаровонлигини таъминлашга қаратилган қимматли фикрларни билдирдилар, таклифларни илгари сурдилар. Истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиб, амалга ошириш бўйича мутасаддиларга зарур топшириқлар бердилар.
Давлатимиз раҳбарининг Андижонга у ташрифидан бу ташрифигача бўлган оралиқ муддатда вилоятимиз қиёфаси сезиларли даражада ўзгариб бораётганини ҳисобга олсак, Президентимизнинг бу галги сафари ҳам ҳар жиҳатдан фойдали, самарали, натижаларга бой бўлади, деб ўйлаймиз. Ана шу ишонч туфайли бўлса керак, андижонликлар шаънига айтган илиқ фикрлари бизни янада жўшиб, фидокорона меҳнат қилишга, юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишга ундамоқда. Бу, ўз навбатида, халқимиз ишончини оқлаш, ютуқларни қўлга киритиш бўйича республикамизда барча соҳада сафнинг олдида туришга рағбат беради.
Тожибар ЮЛДАШЕВА,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси,
Хўжаобод туманидаги «Шаҳрихонсой» МФЙ раиси.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг