Очиқлик – коррупция кушандаси

15:15 17 Май 2022 Жамият
556 0

Фото: Халқ сўзи

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Жиззах вилоят филиали, вилоят ҳокимлиги ва Жиззах вилояти коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгаши ҳамкорлигида давлат бошқаруви соҳасида коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш механизмларини такомиллаштириш ва ушбу соҳада жамоатчилик иштирокини кенгайтириш мавзусида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Тадбирда таъкидланганидек, ўтган даврда Жиззах вилоятидаги 14 маҳаллий ҳокимият органлари ҳамда элликка яқин давлат органлари ва ташкилотларининг ҳудудий бўлимларида очиқ мустақил танловлар ташкил этиш ишлари намунали йўлга қўйилди.

— Манфаатлар тўқнашуви вужудга келмаслиги ва очиқликни таъминлаш мақсадида ишга талабгор номзодлар ўртасидаги танловларнинг тест ва суҳбат босқичлари YouTube ижтимоий тармоғидаги «АРГОС Жиззах» канали ҳамда Vacancy.argos.uz | Online Телеграм каналида тўғридан-тўғри узатиб борилмоқда, — дейди Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Жиззах вилоят филиали раҳбари Эркин Холбўтаев. — Бугунги кунга қадар ҳудудий давлат органлари ва ташкилотларида 3 минг 93 та вакант ўринлари учун очиқ мустақил танловлар якунланган, 532 та вакант ўринлар учун эса танловлар давом этмоқда ҳамда 79 та вакант ўринга ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Якунланган танловларда 29 ярим мингдан ортиқ номзодларнинг аризаси кўриб чиқилди. 15 минг 430 нафар номзод танловнинг тест босқичига, 12 минг 677 нафари суҳбат босқичига ўтди. Натижага кўра 1 минг 127 нафар танлов ғолиблари билан меҳнат шартномалари тузилди.

Тадбирда агентлик томонидан бугунги кунда вакант лавозимлар бўйича Миллий кадрлар захираси базаси бўйича kadrlar.argos.uz, ходимлар самарадорлигини ошириш бўйича kpi.argos.uz, ходимлар малакасини ошириш бўйича ilm.argos.uz ва шу каби 18 та платформа ишга туширилгани, келгусида вазирлик ва идораларда, уларнинг қуйи тузилмаларида кадрлар сиёсатини юритиш, инсон ресурсларини бошқариш ҳолатини баҳолаб бориш бўйича reyting.argos.uz электрон платформаси ҳам ташкил этилгани, бу орқали ташкилотларнинг кадрлар билан ишлаш борасидаги фаолиятлари баҳолаб борилиши юзасидан батафсил ахборот берилди.

Толибжон ЭРГАШEВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер