«Очиқ бюджет» платформаси мактаб муаммоларини ечишда қўл келди
Фото: Халқ сўзи
Яқин – яқинга қадар Ғиждувон туманидаги 22- умумтаълим мактаби жойлашган бинонинг ён-атрофи очиқ бўлиб, билим даргоҳи раҳбарияти олдида эшик ва деразаларни замонавийсига алмаштириш, спорт залининг яроқсиз ҳолга келаёзган полини янгилаш муаммоси турарди.

Мактаб жамоаси 2023 йилга ушбу масалалар ечимини топган ҳолда қадам қўйди. Аниқроқ қилиб айтганда, таълим маскани атрофи чиройли дизайнли панжара билан ўраб олинди. Эскирганлари ўрнига янги эшик ва деразалар ўрнатилди. Мактаб спорт залининг поли янгиланиб, ўғил – қизларнинг машғулотларни тўлақонли ўтишлари учун шароит яратилди.
Мактаб директори Жаҳонгир Жалилов буни педагогик жамоа, ота – оналар ва маҳалла аҳлининг ҳамжиҳатлиги натижаси деб ҳисоблайди. Гап шундаки, ушбу ҳудудда истиқомат қилувчи аҳоли «Очиқ бюджет» платформаси орқали яратилган имкониятдан оқилона фойдаланди. 2022 йилги икки мавсумда фаол қатнашилгани ортидан дастлаб мактаб атрофини ўраб олиш учун 350 миллион сўм, қолган муаммоларни ҳал этиш учун эса 400 миллион сўм миқдорида маблағ ажратилишига эришилди.
Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг