ОАВ вакилари “НКМК” АЖ 2025 йилда амалга оширган ишлар билан таништирилди

13:36 16 Март 2026 Жамият
219 0

“Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти томонидан 2025 йилда амалга оширилган ишлар бўйича ОАВ вакиллари ва журналистлар учун матбуот анжумани ўтказилди.

Таъкидландики, ҳисобот йилида “НКМК” АЖ томонидан 135,6 трлн. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, ўсиш суръати 2024 йилга нисбатан 102,1 фоизга тенг демакдир. Маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми эса 3,15 млн. трой унция олтинни, (2024 йилда бу кўрсаткич 3,1 млн. трой унция) ташкил этган. Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 1,4 трлн. сўмлик маҳаллийлаштирилган маҳсулот ишлаб чиқарилиб, тармоқлараро саноат кооперацияси доирасида 7,3 трлн. сўмлик маҳсулот харид қилинган.

Инвестиция дастури доирасида 561 млн. долларлик маблағ ўзлаштирилиб, янги лойиҳалар ва амалдаги ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ҳисобига 2 628 та янги иш ўрни яратилган.

— 2025 йил якуни бўйича “Мурунтов” конини ўзлаштиришнинг V навбат 1-босқич” инвестиция лойиҳаси тўлиқ амалга оширилди. — дейди “НКМК” АЖ Бош директорининг биринчи ўринбосари Жаҳонгир Ҳасанов. — 2-гидрометаллургия заводининг сорбция ва регенерация цехларида қўшимча 30 та сорбцион ускуна, қуюлтириш цехида 2 та қуюлтиргич қуриш, 16-насос станциясини реконструкция қилиш, майдалаш цехининг иккинчи биносини кенгайтириш ва цехнинг иккинчи навбати лойиҳаси асосида 33-тегирмон блокини монтаж қилиш ишлари олиб борилди. “7-гидрометаллургия заводининг қайта ишлаш қувватини кенгайтириш” инвестиция лойиҳаси доирасида 2025 йилда заводда яна 4 та янги майдалаш тегирмони ишга туширилди.

Шунингдек, “Қоқпатас ва Довғизтов олтин конларида маъдан қазиб олиш (III навбати)” инвестиция лойиҳаси доирасида ўтган йилда 3-гидрометаллургия заводи биооксидлаш цехида 9, 10-биооксидлаш модуллари, “Довғизтов” конида узунлиги 1 900 метр бўлган даврий оқим технологияси мажмуаси ишга туширилди. “Зармитан конининг қуйи горизонтларини ўзлаштириш” инвестиция лойиҳаси доирасида энг замонавий муҳандислик иншооти – диаметри 6,5 метр ва чуқурлиги 1 000 метр бўлган “Скипли” шахта стволи ишга туширилди.

Мазкур натижалар корхонанинг дунё кончилигидаги мавқеини янада мустаҳкамлаб, бир қатор рейтинг кўрсаткичларини янгилади. Хусусан, 2025 йилда “Sustainable Fitch” халқаро рейтинг агентлиги томонидан “НКМК” АЖга ʼ3ʼ даражасида ва умумий 51 балл билан илк бор корпоратив ESG-рейтинги берилди. ESG-рейтингини бериш учун агентлик Компаниянинг барқарор ривожланиш стратегияси ва ташаббуслари, корпоратив бошқарув амалиётлари ҳамда унинг ижтимоий ва экологик таъсирини ижобий баҳолади. “Fitch Ratings” ҳамда “S&P Global Ratings” халқаро рейтинг агентликлари “НКМК” АЖнинг узоқ муддатли кредит рейтингини “Барқарор” прогнози билан “BB” даражасигача оширди.

— Рейтингдаги ижобий ўзгаришлар компаниянинг мустаҳкам молиявий ҳолати ва фаолиятининг барқарорлигини акс эттиради, — дея давом этади. Ж. Ҳасанов.— Натижада Лондон фонд биржасида умумий қиймати 500 млн. долларга тенг корпоратив облигациялар муомалага чиқарилди ва жойлаштирилди.

Шунингдек, 2025 йилда рақамли ривожланиш даражаси бўйича рейтинг баҳолаш натижаларига кўра, “НКМК” АЖ 98,7 балл кўрсаткич билан 33 та хўжалик бошқаруви органи ўртасида 1-ўринни эгаллади. “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясига мувофиқ корхонанинг ишлаб чиқариш ва бошқарув жараёнларига рақамли технологияларни жорий этиш бўйича 40 дан ортиқ чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, “Рақамли 7-гидрометаллургия заводини яратиш” лойиҳаси доирасида заводда технологик жараёнларни бошқаришнинг мавжуд автоматлаштирилган тизимлари модернизация қилинди ва улар завод оператив диспетчерлик бошқарувининг автоматлаштирилган тизимига интеграллаштириб, бошқарув жараёнида сунъий интеллект технологиялари жорий этилди.

— Корхонамизда коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини ошириш ҳамда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш йўналишида 8 074 та ички идоравий ҳужжат лойиҳалари коррупцияга қарши ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди, — дейди “НКМК” АЖ комплеанс хизмати бошлиғи Рустам Авезов. — Натижада 1 478 та функция баҳоланиб, шундан 1 та “юқори”, 19 та “ўрта” ва 1 458 та “паст” даражадаги хавф-хатарлар аниқланди ҳамда уларни олдини олиш ва бартараф этиш юзасидан 14 та банддан иборат чора-тадбирлар дастури ижроси тўлиқ таъминланди. Шунингдек, комбинатда фаолият юритаётган 5 499 нафар бошқарув ходимларидан йиллик эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларация тўлдиртирилди.

Матбуот анжуманида ОАВ вакиллари ва журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер