Нуротада дам олиш масканлари яна биттага кўпайди

14:53 06 Апрель 2022 Жамият
2349 0

Фото: Халқ сўзи

Навоийга йўли тушган меҳмон Нурота «Чашма»сини зиёрат қилишни ният этади. У Марказий Осиёдаги энг серсув оби манба бўлиб, яқин-яқинларгача нуроталиклар бир булоқдан сув ичишарди. Шу булоқ атрофида ҳаёт, шаҳар шаклланган.

Меҳмонларни «Чашма» мажмуасида исломга қадар қурилган антик- археологик ёдгорлик - Нур қалъаси ҳам ўзига тортади. Шунингдек, мажмуадаги IX асрда қурилган Чил устун, XVI асрга тегишли Панж вақта масжидлари, сал наридаги юз-юзлаб километрга чўзилган коризлар — барча-барчаси Нурота туманининг аллақачон ташриф ёрлиғига айланган.

— Мамлакатимиз раҳбари Нуротага илк ташрифидаёқ (2016 йили) «Чашма» мажмуаси халқимизнинг бетакрор маънавий бойлиги, мамлакатимизда зиёрат сайёҳлигининг жозибадор манзилларидан бири эканлигини таъкидлаб, сайёҳлик индустриясининг бугунги талаблари асосида мижоз таъбига мос инфратизим ҳамда сервис ва хизмат кўрсатишнинг барча қулайликларни яратиш вазифаларини белгилаган эди, — дейди Нурота тумани ҳокими ўринбосари Шуҳрат Вафоев. — Ушбу кўрсатмалар асосида мажмуанинг атрофи тўлиқ очилиб, «Чашма» улуғворлигини таъминлаш ва сайёҳлар учун қулайлик яратиш мақсадида комплекс бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Яъни ҳудудда нозиктаъб сайёҳлар дидига мос меҳмонхоналар қурилиб, замонавий ландшафтни таъминловчи аллея, фавворалар атрофида кўшк кўринишидаги сўрилар барпо этилди. Натижада энди ушбу хиёбонга етмасданоқ «Чашма» салобат билан кўзга ташланади. Ушбу тадбирлар туфайли «Чашма» тарихий меъморий мажмуасининг мафтункорлиги янада ортиб, шаҳар аҳолисининг ҳам кўнгилдагидек дам олиш масканига айланди.

Нуротага келган кишида унинг сўлим табиати бағрида дам олиш истаги ҳам туғилади. Айниқса, шу кеча-кундузда Қорақарға довонидан то Деҳибаланд қишлоғигача бўлган қарийб 15 километрлик йўлнинг ёқаси зиёратдан қайтаётиб, кўм-кўк табиат бағрида дам олаётганлар билан тўлиб кетган.

Ушбу сайёҳларга қулайлик яратиш ҳамда уларнинг мароқли дам олишларини таъминлаш мақсадида Деҳибаланд қишлоғи ва Ғозғон шаҳри чорраҳасида «Кўҳна Нурота боғлари» МЧЖ томонидан «Караван» экотуризм дам олиш маскани барпо этилди. Мажмуа ўнта сендвич панелли эко-уй, 2та ўтов, ресторан, ёзги ва қишки сауналар ҳамда ёпиқ бассейндан иборат.

Дам олиш масканининг очилиш маросимида ушбу қулайликлар туманнинг сайёҳлик жозибадорлигини янада ошириб, қўшимча иш ўринлари яратилишида муҳим омил бўлаётгани таъкидланди. Дарвоқе, Нуротада сайёҳлик инфратизимидаги бунёдкорликлар туфайли зиёратчилар оқими сўнгги беш йилда қарийб 18 бараварга ошган.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер